Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 27/06/2024 Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш бўйича кучлар бирлашмоқда
Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш бўйича кучлар бирлашмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бугун Ўзбекистонда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини яхшилашга қаратилган иккита муҳим тадбирни ўтказди.

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Соғликни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, хорижий ва миллий экспертлар ва бир қанча агентлик ва жамоат фондлари вакиллари иштирок этишди.

“Қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга яхлит ёндашув учун бошқарувни такомиллаштириш” мавзусидаги 2-миллий мулоқот семинарида Ўзбекистонда аҳолини экологик тоза ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, унинг хомашё базасини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди. Ушбу тадбир ФАОнинг “Европа ва Марказий Осиёда аграр ва озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш” минтақавий лойиҳаси доирасида олиб борилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимини трансформация қилиш” лойиҳаси доирасида манфаатдор томонларни аниқлаш бўйича семинар бўлиб ўтди.

Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни Озиқ-овқат назорати тизимини баҳолаш воситаси билан таништиришдан иборат бўлиб, ушбу баҳолаш воситаси методологияси ва ундан кутилаётган натижалар айтиб ўтилди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, ФАО ва бошқа манфаатдор томонлар келгусида ҳамкорликда қилинадиган ишларни муҳокама қилишди.

Ушбу тадбирларга ФАО Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими Озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар Мари Кенни, Анико Немет ва Кризсан Клаудиа ташриф буюриб, семинар қатнашчилари билан ўзаро фикр алмашдилар. Бундан ташқари, уч кун давомида экспертлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида музокаралар олиб боришди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун асосий қадам бўлиб хизмат қилади. Таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалигини узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беришда ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг