Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 23/08/2016 Ўзбекистонда Мустақиллик куни муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилди
Ўзбекистонда Мустақиллик куни муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги тантаналарига кенг тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016-йил 2-июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида мустақиллик байрамини юксак даражада ўтказишга оид вазифалар белгилаб берилган. Қарор ижросини таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жойларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

ЎзА мухбири шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Турсунпўлат Тошпўлатов билан суҳбатлашди.

– Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий давлатчилик қарор топиб, Ўзбекистон жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади, – дейди Т.Тошпўлатов. – Миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган тараққиёт стратегияси амалга оширилди. Бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Буларнинг замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик мужассам. Зеро, тинчлик – халқимиз осойишта ва фаровон ҳаётининг, барча орзу-умидлари ижобатининг энг муҳим омили. Уни асраш йўлида ҳар бир юртдошимиз ёшидан, касбу коридан, миллатидан қатъи назар, якдил ва ҳамжиҳат. Ахир осудалик бор экан, биз эртанги кунга ёруғ умидлар билан қараймиз, юксак марраларни кўзлаб меҳнат қиламиз. Тинч эканмиз, ҳар бир кунимиз мазмунли кечади, тўйлар тўйларга уланади, халқимиз учун ардоқли, улуғ саналарни кенг байрам қиламиз.

Давлатимиз раҳбарининг қарорида ҳам энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, тинчлик учун курашиб яшаш зарурлигига алоҳида урғу берилган. Дарҳақиқат, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш бугунги таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда муҳим аҳамиятга эга.

– Байрам тинч ва осойишта, юксак савияда ўтиши учун жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Президентимизнинг қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик тизимида тасдиқланган режа асосида изчил ишлар бажарилмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимизга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар вазирлигимиз ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилди ва бу борадаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Бунда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида вазирликнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин, йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармалари, хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, “Қўриқлаш” бирлашмаси ва бошқа хизматларнинг ходимлари томонидан тегишли ташкилий профилактик ишлар бажарилмоқда.

Бундай тадбирлар нафақат пойтахтимиз, балки Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Транспортдаги ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларида ҳам йўлга қўйилган.

Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилаётир. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари фаол иштирок этмоқда. Тадбирлар давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.

Байрам олдидан барча туман, шаҳар, маҳалла ва овулларда ички ишлар органлари ходимлари ва “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакилларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар аҳоли тинчлигини сақлашга оид зарур чораларни кўриш билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш ва уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда профилактик таъсир кўрсатишга оид вазифаларни самарали адо этмоқда.

– Тартиб-интизом, ободлик, саришталик – байрам шукуҳига шукуҳ қўшади. Жамоат тартибини сақлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида мухтасар гапириб берсангиз.

– Амалга ошираётган ишларимизнинг самарадорлиги аҳолининг ҳуқуқий маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Шуни эътиборга олиб барча хизматлар ходимлари маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказиб, тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни мужассам этган тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда нафақат осойишталик қадри, балки аҳолини огоҳликка чорловчи, ҳар бир инсон ўз уйини, маҳалласини асрашга масъул эканига эътибор қаратилаётир.

Осойишталикни таъминлаш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга оид фаолияти янада кучайтирилди. Ушбу соҳавий хизмат нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифаларни изчиллик билан давом эттирмоқда. Улар маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка, спортга кенг жалб этиш ишларини изчил йўлга қўйган.

Мамлакатимизда мавжуд 3 минг 788 милиция таянч пунктининг деярли барчасида фан ва спорт тўгараклари, кичик бизнес шохобчалари, замонавий спорт майдончалари фаолият кўрсатмоқда. Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари бир бинода, ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бораётгани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий самара бермоқда. Бу маҳаллалар муҳитининг тобора соғломлашишига ижобий таъсир кўрсатаётир. 2016 йилнинг ўтган даврида уч мингдан зиёд маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани бунинг яққол тасдиғидир.

Патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш хизмати томонидан аҳоли гавжум жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали шахслар аниқланганда уларга нисбатан тегишли чора кўриш, жамоат тартибини бузиш ҳолатлари учраганда уни дарҳол бартараф этиш чоралари янада кучайтирилган. Байрамолди чора-тадбирлари давомида саккиз мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жойида бартараф этилди. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг санитария ҳолати, кўчаларнинг ёритилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам соҳа ходимларининг эътиборидан четда қолгани йўқ. Бу борада учраган камчиликлар юзасидан ободонлаштириш ва электр тармоқлари корхоналарига олти юзга яқин тақдимнома киритилди. Натижада камчиликлар бартараф этилиб, аҳолига қулайликлар яратилди.

– Ёнғинларнинг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари қандай йўлга қўйилган?

– Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидан. Шу боис аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Ёнғин хавфсизлиги қисмлари учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Кейинги пайтда тизимда 26 янги бино қурилди, 29 ёнғин хавфсизлиги қисми биноларида реконструкция ишлари бажарилди. Йил якунигача жами 12 ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари учун бинолар қуриб топширилиши режалаштирилган.

Тегишли идоралар билан ҳамкорликда байрам тадбирлари ўтказиладиган барча майдонлар ва уларнинг атрофидаги иншоот ва ташкилотлар, хонадонлар кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари, 25 мингга яқин аҳоли турар жойи, мингга яқин кўп қаватли уйнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган 1,5 мингдан зиёд фуқаро ва масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Сўнгги беш йил мобайнида содир бўлган ёнғинларнинг деярли 80 фоизи бошланғич даврида бартараф этилишига ва бунинг натижасида 890 нафар инсон ҳаёти ва 373 миллиард сўмликдан зиёд мол-мулкни ёнғиндан қутқариб қолишга эришилди.

Йўллар равон, хавфсиз бўлса, манзилга осон ва омон етиб оламиз. Истиқлолимизнинг чорак асрлик айёми арафасида пойтахтимиз, барча вилоятларда йўллар ободлигига эътибор янада кучайди. Йўллар кенгайтирилиб, замон талаблари асосида қайта бунёд этилиб, уларда фуқаролар хафсизлигини таъминлаш чоралари таъминланаётир. Чунончи, автомобиллар ҳаракатининг қарама-қарши йўналишларини ажратувчи тўсиқлар, алоҳида пиёдалар йўлаклари барпо этилгани жуда катта қулайликлар яратди. Бундан ташқари, марказлашган кўчаларда автомобиллар ҳаракатини кузатиш ва тартибга солишга қаратилган видеокузатув мосламалари фаолияти йўлга қўйилгани йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларининг кескин камайишини таъминламоқда. Соҳа ходимлари барча кўчаларда, хусусан, байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофидаги йўлларда хавфсизлик чораларини кучайтирган. Улардаги йўл белгилари кўздан кечирилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, байрам муносабати билан пойтахтимизда хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида транспорт воситалари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жиддий текширувдан ўтказилмоқда. Байрам арафасида ва байрам кунлари пойтахтга кириб келаётган транспорт воситалари қатнови бироз чекланиши ҳам мумкин.

– Ички ишлар тизимида хизмат фаолияти самараси, бунда истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар қандай ўрин тутгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Президентимизнинг ички ишлар идоралари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган фармонлари соҳанинг бугунги кун талабларига жавоб берадиган даражада шаклланишига пухта замин яратди. Соҳани нафақат замонавий моддий-техник воситалар, балки ҳар томонлама чиниққан, фидойи кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилгани муваффақиятлар асоси бўлди, дейиш мумкин.

Тизимдаги ислоҳотлар ва катта ҳажмдаги амалий ишлар натижасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар йил сайин камаймоқда. Ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 2016 йилнинг биринчи ярмида жиноятларнинг унча оғир бўлмаган турлари 4,2 фоиз, ўта оғир жиноятлар 13,5 фоиз, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 1,3 фоизга камайишига эришилди.

Энг муҳими, ички ишлар идоралари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланмоқда.

Ўзбекистонимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик нафақат дунёдаги бошқа халқларнинг ҳавасини келтирмоқда, балки бу халқаро экспертлар эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда. World Justice Project томонидан ҳар йили эълон қилинаётган Қонун устуворлиги индексида Ўзбекистон мамлакатда тартиб ва хавфсизликнинг таъминлангани кўрсаткичи бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилиб келаётгани бунинг исботидир.

Фуқароларнинг тинч ва хотиржам турмуш кечираётгани, тинчликсеварлигини таҳлил қилувчи Global Peace Index рўйхатида Ўзбекистон йилдан-йилга юқори поғонани забт этмоқда. Мамлакатимиз бу борада ҳам МДҲда етакчилардан бири.

Бундай ютуқларнинг янада кўпайиши ҳар биримизнинг ҳушёрлигимиз ва огоҳлигимиз, фаоллигимиз ва ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ эканини барчамиз доимо ёдда тутмоғимиз зарур. Бу нафақат байрамлар шукуҳини, балки кундалик ҳаётимизнинг файзу баракасини ҳам оширади. Зеро, тинч, осуда, фаровон ва гўзал юртга байрамлар ярашади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг