Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 10/07/2018 Ўзбекистонда миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш бўйича лойиҳа ишга туширилди
Ўзбекистонда миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш бўйича лойиҳа ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва ЮНИСЕФ, Европа Иттифоқи кўмагида, миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш бўйича лойиҳани ишга туширди. Ушбу лойиҳа Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё минтақаларидаги саккизта мамлакатида, жумладан Ўзбекистонда амалга оширилади.

2020 йилнинг охиригача тўртта вилоятда – Бухоро, Фарғона, Сурхандарё ва Хоразм вилоятларида мазкур лойиҳа бўйича тадбирлар олиб борилади. Муҳожир ота-оналар томонидан ташлаб кетилган болаларга парвариш ва ҳимоя етишмаслиги мумкин. Миграция таъсир кўрсатган оилалар қийинчиликка дуч келади ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлади. Бундай оилалар ва болаларга васийлик ва ҳомийлик органлари, Хотин-қизлар қўмитаси, оилавий марказлар ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари томонидан вилоят ва туман даражасида ёрдам кўрсатилади.

Ушбу идораларнинг миграция таъсир кўрсатган оилаларга сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги салоҳиятини ошириш, шунингдек болаларни ҳимоя қилиш тизимидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси ва ЮНИСЕФ яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Ушбу лойиҳа доирасида муҳожирларнинг оилалари ва фарзандларининг эҳтиёжларини аниқлашга йўналтирилган тадқиқот ўтказилади.

«ЮНИСЕФнинг ҳисоботига кўра, дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан миграция таъсир кўрсатган болаларнинг энг катта улуши Осиёга тўғри келади,»—деди Саша Грауманн, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. «Европа Иттифоқи кўмагида ЮНИСЕФ муҳожир ота-оналари томонидан ташлаб кетилган болалар ҳамда транзит жараёнидаги болаларнинг янада яхши ҳимоясини таъминлашни мақсад қилиб олган. Умид қиламизки, Ҳукумат ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари Ўзбекистонда болаларга васийлик қилиш тизимини такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшади. Бунга болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоялаш, соғлиқни сақлаш ва таълим сингари асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини, шунингдек уларнинг қонуний мақомини таъминлаш киради».

«Миграция муаммоси нафақат Марказий Осиёда бўлибгина қолмай, балки глобал характерга эга. Тобора кўпроқ одамлар яхши ҳаёт ва даромад қидириб, уйларини ва оилаларини тарк этмоқдалар,»- деб таъкидлади Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, Элчи Эдуардс Стипрайс. «Бироқ яққол иқтисодий манфаатлардан ташқари миграция бошқа жиддий оқибатларга ҳам олиб келишини кўрамиз. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Европа Иттифоқи «Жанубий, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиёда миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш» лойиҳаси доирасида мультиминтақавий ташаббусни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилади ҳамда муҳожирларни қабул қилувчи асосий мамлакатлар бўлган Қозоғистон ва Россиядаги вазият таҳлилини ўз ичига олади».

«Биз биргаликда муҳожирлар оилаларининг болаларини эътиборга оладиган бола ҳимояси бўйича барқарор сиёсатни таъминлашимизга ишонамиз,»-деди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева. «Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларини бажаришга имкон беради ҳамда Ўзбекистонда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ишининг самарали бўлишига кўмаклашади», - деб қўшимчa қилди у.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг