Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хабарингиз бор, айни кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Малайзияда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор музокаралар олиб борилмоқда.
Хусусан, музокаралар давомида мамлакатимизда креветка етиштиришни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Келишувга мувофиқ, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида Малайзиянинг йирик компанияларидан бири — “Маркет Бой” билан ҳамкорликда креветка етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа Малайзиянинг илғор технологиялари асосида йўлга қўйилиб, республикамизда аквакултура ривожига хизмат қилади.
Муҳими, ушбу креветкалар Малайзиянинг халқаро даражадаги ҳалол сертификати билан таъминланади. Бу эса маҳаллий ва хорижий бозорларга чиқиш имкониятини оширади. Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқори эканини инобатга олсак, бу лойиҳа Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтириши мумкин.
Креветка етиштириш лойиҳаси нафақат ички бозор учун, балки экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу соҳанинг ривожланиши эса ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Малайзия тажрибасига асосланган ушбу ҳамкорлик лойиҳаси Ўзбекистон аграр соҳасининг диверсификациясига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.