“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳамда Россиянинг “КАМАЗ” ОАЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирга Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, мамлакатимиз вазирлик ва идора раҳбарлари, “Ўзавтосаноат” АЖ ҳамда «UzAutoTrailer»нинг ишбилармон ҳамкорлари ташриф буюрди.
«КАМАЗ» автомобилларини ишлаб чиқариш Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган «UzAutoTrailer» масъулияти чекланган жамиятнинг ишлаб чиқариш майдонида бошланган.
Тақдимот доирасида ташриф буюрганлар Ўзбекистонда йиғилаётган “КАМАЗ” автомобиллари билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Тақдим этилган моделлар орасида юк автомобилининг ноёб модели саналган «КАМАЗ» 5490-024-87 мавжуд бўлиб, у юк автомобилларнинг инновацион концепцияларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи саналган «Daimler AG» автомобиль концерни билан биргаликда ишлаб чиқилган.
“КАМАЗ”нинг мазкур модели ЕВРО 5 экологик даражасидаги “Daimler” двигатели билан жиҳозланган, кабина дизайни, тормоз ва юриш тизими немис автоконцерни мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Шунингдек экспозиция меҳмонларини жаҳон юк автомобиллари ишлаб чиқарувчилар орасида ўтказиладиган халқаро “Дакар” ралли-марафонининг 15-карра ғолиби, “КАМАЗ-мастер” жамоасининг афсонавий спорт юк машинаси қарши олди.
Айни дамда «UzAutoTrailer» заводида 10 дан 36 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган 11 турдаги «КАМАЗ» юк автомобиллари йиғилади.
Мазкур автомобилларга ўрнатиладиган двигателларнинг 240 дан 401 гача от кучига эга бўлиб, улар ЕВРО 3, ЕВРО 4 ҳамда ЕВРО 5 экологик меъёрларга жавоб беради.
100 дона КАМАЗ юк машиналарининг илк партияси «UzAutoTrailer» заводида жорий йилнинг 1-чорагида чиқарилди. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 донани ташкил қилади, кейинчалик ушбу кўрсаткични 3 000 чиқариш кўзда тутилган. «UzAutoTrailer» заводида ишлаб чиқариладиган «КАМАЗ» автомобиллари нафақат маҳаллий бозор, балки Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига ҳам етказилади.
«Биз ҳамкорлик кенгайишига катта ишонч билдиряпмиз, сабаби бу икки мамлакатнинг бирлашиши, ташқи бозорлар – яқин ва узоқ шарққа рақобатбардош маҳсулот олиб чиқиш учун ажойиб имкониятдир» - дейди ОАЖ «КАМАЗ» бош директори Сергей Когогин.
«КАМАЗ» юк автомобилларининг бизнинг заводда ишлаб чиқарилиши компания ривожидаги янги босқич, шунингдек Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги юқоритехнологик соҳада ҳамкорлик учун муҳим қадам саналади, - дейди «UzAutoTrailer» бош директори Алишер Хаджибаев. «КАМАЗ» билан биргаликда Республикамизнинг барча вилоятларида замонавий диллерлик ва сервис тармоғини ташкил этиш, ҳамда ўзбек ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотини хорижий бозорга олиб чиқиш бўйича алоҳида стратегия ишлаб чиқилмоқда. Ушбу юк автомобиллари нафақат Ўзбекистон йўлларида, балки қўшни мамлакат йўлларида ҳам ўзининг ўрнига эга бўлишига ишонамиз».