Ўзбекистонда илк бор адсорберлар серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда илк маротаба табиий газни тозалаш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
«Ўзбекхиммаш» заводида халқаро стандартларга мос келадиган адсорберларнинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланди. Бу қурилмалар табиий газни тозалашда муҳим ўрин тутади ва дастлабки партия «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилди.
Энергетика вазирлиги таъкидлашича, лойиҳа локализация дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бу нафақат ички талабни қондириш, балки экспорт имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Адсорберлар табиий газдан олтингугурт сақловчи бирикмаларни чиқариб ташлаш учун мўлжалланган. Ҳар бир колоннанинг диаметри 3 метр, девор қалинлиги 100 мм, узунлиги 19 метр бўлиб, 63 атмосферагача босимга чидамли. Унинг оғирлиги 147 тоннани ташкил қилади. Ишлаб чиқаришда ГОСТ 5520–17 стандартига мос юқори сифатли 09Г2С-12 маркали пўлатдан фойдаланилади.
Адсорбция жараёни уч босқичдан иборат: газни тўғридан-тўғри тозалаш, тозаловчи материалларни регенерация қилиш ва янги иш циклидан олдин ускунани совитиш.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ўзбек адсорберлари газдан олтингугуртли бирикмаларни юқори самара билан тозалаш ва узоқ хизмат қилиш муддати билан ажралиб туради. «Ўзбекнефтгаз» билан тузилган шартнома доирасида Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси учун яна саккизта адсорбер етказиб бериш режалаштирилган.
Илгари бундай ускуналар хориждан олиб келинар эди. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш унинг қийматини деярли икки бараварга арзонлатди. «Ўзбекхиммаш» заводи йилига 20 тагача адсорбер ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бу ички талабни тўлиқ қондириш ва экспорт бозорига чиқиш имконини беради.