Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 23/10/2023 Ўзбекистонда ички туризмнинг интенсивлик даражаси юқори эмас
Ўзбекистонда ички туризмнинг интенсивлик даражаси юқори эмас

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда ички туризмнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолатни баҳолаш мақсадида онлайн сўров ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан жами 1282 нафар респондент иштирок этди.

Сўров натижаси Ўзбекистонда ички туризмнинг интенсивлик даражаси юқори эмаслигини кўрсатди. Хусусан, респондентларнинг 34,7 фоизи саёҳат қилмаслигини, 42,0 фоизи йилда бир маротаба, 14,4 фоизи ҳар уч ойда бир маротаба саёҳат қилишини қайд этган.

Сўров мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган саёҳатларнинг деярли 50 фоизи 4 та ҳудуд, яъни Самарқанд (15,8 фоиз), Бухоро (9,4 фоиз), Тошкент (10,6 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (11,4 фоиз)нинг ҳиссасига тўғри келишини кўрсатди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси (3,0 фоиз) энг кам улушга эга. 

Саёҳатни қайси кўринишда амалга оширасиз, деган саволга респондентларнинг 81,2 фоизи мустақил равишда, 15,5 фоизи иш жойидан уюштирилган ҳолда, 2,4 фоизи туроператорлар ёрдамида, дея жавоб берган. Сўров ҳамюртларимиз саёҳатга асосан шахсий автомобили (56,8 фоиз) ва поезд (17,3 фоиз) да чиқишини кўрсатди. 

Туризм йўналишларига келганда, сўров қатнашчиларининг 17,6 фоизи тоғ ва тоғолди ҳудудларида дам олишни, 17,1 фоизи оилавий туризмни, 22,6 фоизи зиёрат туризмини, 11,5 фоизи маданий ва маърифий туризмни афзал кўришини қайд этган. 

Ички туризмни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш масаласига келганда, респондентларнинг 26,2 фоизи шаҳарлараро саёҳатлар учун имтиёзлар (овқатланиш, автотураргоҳлар учун чегирмалар) бериш, 23,6 фоизи арзон ва сифатли жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, 11,6 фоизи транспорт логистика марказларини ташкил қилиш зарурлигини билдирган.

Сўров натижаларидан келиб чиқиб, ички туризмни янада ривожлантириш учун қуйидаги таклифларни билдириш мумкин:

асосий туристик салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ҳудуднинг ўз брендини шакллантириш;

«Туристик маҳалла», «Туристик ҳудуд» мақомига эга аҳоли пунктларининг реестрини шакллантириш ва электрон платформани ишлаб чиқиш;

ҳудудлар бўйича туристик хизмат турлари ва йўналишларни кенг тарғиб қилиш;

маҳаллаларда истиқомат қиладиган ва "темир дафтар"га киритилган оилаларга оилавий туризм билан шуғулланиш учун имтиёз бериш.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг