Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда Вьетнамнинг "FPT Corporation" компанияси президенти Тран Данг Хоа бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
“FPT Corporation” – Вьетнамнинг етакчи IT компанияси ҳисобланади. 1998 йилда ташкил этилган. Бош офиси Ханойда жойлашган. Мутахассис ва ходимлар сони - 70 минг. Дунёнинг 19 мамлакатида, жумладан, АҚШ, Япония, Германия, Франция, Словакия, Сингапур, Малайзия ва Австралияда ўз бўлинмаларини очган. IBM, Microsoft, Oracle, Data Card, Siemens, Airbus, Amazon каби йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилади.Йиллик савдо айланмаси - $5 млрд.
Учрашув давомида Ўзбекистон ҳамда Вьетнам ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда IT соҳаси бўйича яратилаётган кенг шароитлар ва истиқболлар бўйича музокаралар олиб борилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонга инвестиция киритиш, IT соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, барча Марказий Осиё давлатлари учун хизмат қилувчи Вьетнамнинг "FPT Corporation" компаниясининг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш ҳамда ушбу компания орқали турли минтақа ва мамлакатларга аутсорсинг хизматини йўлга қўйишга келишиб олинди.