Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 08/06/2022 Ўзбекистонда ФАО лойиҳалари мониторинг қилинди
Ўзбекистонда ФАО лойиҳалари мониторинг қилинди

16-23 май кунлари ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий идораси минтақавий мониторинг мутахассиси Лука Молинас БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг Ўзбекистондаги фаолиятини комплекс баҳолаш ва мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.

 

ФАОнинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳалари “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” миллий лойиҳаси ва “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси  Глобал Экологик Жамғарманинг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Миссия давомида ушбу лойиҳалар Глобал Экологик Жамғарманинг корпоратив йўриқномалари, сиёсати ва талабларига мувофиқ қанчалик самарали амалга оширилаётгани ўрганилди.

Тошкентда Лука Молинас Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Глобал Экологик Жамғарманинг Миллий мувофиқлаштириш марказида учрашувлар ўтказди, шунингдек, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан батафсил танишди. Шундан сўнг, Минтақавий мониторинг мутахассиси икки лойиҳанинг бир нечта мақсадли ҳудудлари жойлашган Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши ва Ғузор туманларига йўл олди.

Қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу лойиҳа доирасида мутахассислар қурғоқчилик ва шўрланиш жараёнларини бошқариш бўйича тавсияларлар ишлаб чиқмоқдалар, шу жумладан, жойларда қурғоқчиликка қарши курашиш ва шўрланишни камайтириш бўйича инновацион ёндашувлар ва технологияларни намойиш этилмоқда. Ғузор туманидаги “Ғузор” қоракўлчилик хўжалиги МЧЖ ҳудудида атрофи ўралган яйлов ўсимликлари уруғлик майдони бунга мисолдир. Бу ерда 30 гектар майдонга яйлов ўсмликлари уруғлари белбоғ усулида экилиб, кейинчалик хўжалик эҳтиёжлари ва сотиш учун уруғлик етиштириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа ҳудудларига ташриф буюрган ҳудудий мониторинг мутахассиси ишларнинг бориши билан атрофлича танишди, маҳаллий ҳокимият вакиллари, иқтисодиёт соҳаси мутахассислари ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди. Айтиш жоизки, CACILM-2 лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, лойиҳа томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхоналар, қурғоқчилик ва шўрга чидамли экинлар уруғлари фермерлар ҳамда маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш мақсадида беғараз етказиб берилди.

Сўнгра “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг мақсадли ҳудудларидан бири бўлган Деҳқонобод ва Китоб давлат ўрмон хўжалиги корхоналарига ташриф буюрилди. Лойиҳанинг асосий мақсади барқарор ўрмон бошқарувини ривожлантиришдан иборат бўлиб, бу маҳаллий аҳолига ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўрмонларнинг нафақат маҳсулдорлиги, балки уларнинг экологик функцияларини, эстетик ва рекреацион қийматини, биологик хусусиятлари ва ландшафт хилма-хиллигини сақлаб қолиш имконини берадиган ёндашувни назарда тутади. Бу йўналишда инновациялар, ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, гендер тенглигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда маҳаллий аҳолини барқарор ўрмон хўжалигини юритиш жараёнига кенг жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мониторинг бўйича мутахассис вилоятдаги ўрмон хўжаликларидаги ишларнинг бориши билан танишди, шунингдек, Китоб ўрмон хўжалигидаги яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Минтақавий ўқув ва ахборот-тарғибот марказининг янги биносини ҳам бориб кўрди. Ушбу марказда хорижий ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидаги фермерлар, тадбиркорлар ва бошқа манфаатдор шахслар учун дарслар ўтказилади.

“Глобал Экологик Жамғарманинг иккала лойиҳасини амалга оширишда эришилган ютуқлари менда катта таассурот қолдирди. Туманлар маъмуриятлари, давлат қўмиталари ва маҳаллий ҳамжамиятлар натижалардан қониқиш ҳосил қилганини кўрдим”, - дейди Минтақавий мониторинг мутахассиси Лука Молинас.

Миссия якунида Минтақавий мониторинг мутахассиси лойиҳалар самарадорлигини янада ошириш ва маҳаллий ҳамжамиятларга ижобий таъсирини кенгайтириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг