Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 09/12/2021 Ўзбекистонда энергия тежамкор бинолар қурилишни ривожлантириш истиқболлари
Ўзбекистонда энергия тежамкор бинолар қурилишни ривожлантириш истиқболлари

Бугунги кунда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва қурилиш саноатига энергия тежовчи технологияларни ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий етиш Ўзбекистон ҳукуматининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Жараённи тезлаштириш мақсадида 2017-йилдан БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигида ва Глобал экологик фонд (ГЭФ) грант кўмагида «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган, яхшиланган ва қулай яшаш шароитлари билан таъминлашдан иборат. Бунинг учун 136,6 миллион доллар маблағ ажратилди.

Лойиҳа ишга туширилгандан буён катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Президентнинг 2018-йил 24-ноябрдаги ПҚ-4028-сон Қарори асосида энергия тежамкор (ЭТ) ва кам углеродли (КУ) қишлоқ уй-жойларига талабни ошириш мақсадида субсидияли яшил ипотека кредитлаш схемаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистоннинг бешта вилоятида бир ва кўп қаватли ЭТ ва КУ арзон қишлоқ уйлари қурилди. Шунингдек, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғинида нолга яқин энергия сарфлайдиган намунавий кўргазмали уй қурилиши ҳам бошлаб юборилди. 2019-йилнинг ноябр ойида Тошкентда «Ўзбекистонда энергия тежамкор йечимлар: жорий ҳолат ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбир бозор иқтисодиётининг мавжуд молиявий механизмларини намойиш этиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, «яшил қурилиш» ва «яшил иқтисодиёт» истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.

Лойиҳанинг иккинчи компоненти доирасида 2021-йил 9-декабр куни «Ўзбекистонда энергия тежамкор материаллар ва технологиялар: мамлакатда яшил қурилишни ривожлантириш учун мавжуд бозорни ривожлантириш истиқболлари» мавзусида бир кунлик бизнес-форум бўлиб ўтди. Форумда асосий маҳаллий ҳамкор ташкилотлар – Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет), Ер ресурслари давлат қўмитаси, Геодезия, картография ва давлат кадастри, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ, «Қуриллойҳа» МЧЖ, «Қишлоқ қурилиш банк» AТБ, вилоят ва туман ҳокимликлари, лойиҳа инжиниринг компаниялари, институтлар вакиллари ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва бошқалар иштирок этишди. Тадбирда халқаро молия институтлари – Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банк ва Kreditanstalt für Wiederaufbau банклари вакиллари ҳам иштирок этишди. 

Бизнес-форум лойиҳа натижалари ва унинг истиқболдаги режаларини тақдим этишдан ташқари, янги ёндашув ва ечимларни баҳолаш, энергия самарадорлиги бўйича материаллар ва технологиялар маълумотлар базасини янгилаш, қурилиш материаллари соҳасидаги инновациялар билан танишиш, турли ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари ва энергия тежовчи материаллар ва технологияларни етказиб берувчилар ўртасида билим ва тажриба алмашиш имконини берди.

«Инсоният фойдаланаётган табиий энергия ресурслари аста-секин тугамоқда, бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш харажатлари ошиб, улардан оқилона фойдаланмаслик атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Қурилишда инновацион ёндашувлар орқали ресурслардан самарали фойдаланиш, бу муаммонинг ечими сифатида ҳозирда Ўзбекистонда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Ушбу лойиҳа бинолар конструксяларининг иссиқлик кўрсаткичларини яхшилаш, шунингдек, энергия тежамкор ва кам углеродли техник ечимларни жорий этиш орқали турар-жой секторида энергия сарфини камайтиришга қаратилган. Бундай чора-тадбирлар табиий ва молиявий ресурсларни тежаш, атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш имконини беради.

Умид қиламизки, ушбу форум Ўзбекистонда турар-жой секторида ЭТ ва КУ ечимларини илгари суришда манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида келгусидаги ҳаракатлар учун зарур тавсияларни ишлаб чиқишга ёрдам беради», - дейди лойиҳа раҳбари Тимур Ибрагимов.

Тақдимотлар ва давра суҳбатлари бозорни ривожлантириш ва технологиялар ва материалларни ЭТ ва КУ етказиб бериш занжирини такомиллаштириш, энергия тежамкор дизайн, Ўзбекистонда уй-жой қурилишида энергия тежамкор ва кам углеродли технологиялар ва материалларни жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олди.

Бизнес-форум доирасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг энергия тежамкор материаллари ва технологияларининг ихтисослаштирилган кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Форум маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, қурилиш компаниялари ва лойиҳалаш ташкилотлари учун арзон бозор ечимларини кенгайтириш, янги ЭТ ва КУ технологияларини жорий этишни жадаллаштириш, фикр алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни муҳокама қилиш учун платформа яратди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг