Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда анжуман ташкил этилди. Унда, вазирлик ва идоралар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари тарафидан республикамизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ҳамда қум ва чанг бўронларига қарши Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Дастур ижроси юзасидан маъруза ва тақдимотлар қилинди, шунингдек БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш Конвенциянинг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг навбатдаги йиғилишини (CRIC-21) 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши муҳокама қилинди. Бундан ташқари, тадбирда Марказий Осиё мўътадил чўллар ташаббуси (CADI) лойихаси доирасида 2017-2022 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва чўл экотизимларини иқтисодий баҳолашга бағишланган тренинг ўтказилди.
Чўлланиш ва қурғоқчиликга қарши кураш кунининг 2022 йилдаги шиори “Қурғоқчиликни биргаликда енгамиз” деб номланади. Қурғоқчилик кенг миқёда ҳосилни йўқотиш, ўрмон ёнғинлари ва сув етишмаслиги натижасида инсониятга зарар етказиш нуқтаи назаридан энг вайронкор табиий офатлардан бири ҳисобланади. Ерлар деградацияси ва иқлим ўзгариши билан янада мураккаблашиб бораётган қурғоқчилик 2000 йилга қараганда 29 фоизга кучлироқ намоён бўлмоқда ва ҳар йили бундан 55 млн.киши азият чекмоқда. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли бу глобал ва энг долзарб муаммо ҳисобланади.
«Ўзбекистонда қум-чанг бўронларига қарши курашиш ва салбий таъсирини камайтириш бўйича Миллий харакатлар режасида белгиланган тадбирларни Ишчи гуруҳи йиғилиши бўлади ҳамда ишчи гуруҳ томонидан қилиниши керак бўлган ишлар муҳокамаси бўлиб ўтади», - деди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Собиржон Умаров.
Ўзбекистонда, 2017 йилдан буён CADI «Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус» лойиҳаси амалга оширилиб келмоқда. Ушбу лойиҳа, Бирлашган Миллатлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилиб, Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда.
«CADI лойиҳаси Ўзбекистоннинг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги аҳолини қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ишларни 2017 йилдан амалга ошириб келди. Шу жумладан, томорқа эгаларига 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари тарқатилди, 120 та томорқа эгалари кичик иссиқхоналар, сутни қайта ишлаш ва сақлаш, шунингдек, ҳунармандчилик (тикув) ускуналари билан таъминланди. 270 га яқин маҳаллий аҳоли вакилларига қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, иссиқхоналарда кўчатхоналар ташкил қилиш, асаларичилик, чорвачилик, сутни кайта ишлаш, тикувчилик ва чеварчилик бўйича ўқув машғулотлар ўтказилди.
Бугунги тадбирда кенг манфаатдор шахслар доираси учун ўқув курси ўтказилиб, чўл экотизимларини иқтисодий баҳолаш услублари билан таништиришдан мамнунмиз», - дея таъкидлайди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги Миллий координатори Наримон Нишонов.
ФАО/ГЭЖ томонидан амалга оширилаётган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) лойиҳаси қурғоқчиликка учраган ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш амалётларини жорий қилиш кўламларини кенгайтиришга қаратилган. Ўтган давр мобайнида лойиҳа ҳамкорларига 500 минг донадан ортиқ мевали дарахт ва узум кўчат ҳамда қаламчалари, 108 дона кичик иссиқхона, 100 дан ортиқ кичик қишлоқ хўжалиги техника ва асбоб ускуналари, 100 тоннадан ортиқ қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинлар уруғлари етказиб берилди. Бундан ташқари Ўзгидрометнинг Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги станцияларига жами 12 дона замонавий метеостанция ўрнатиб берилди.
«Лойиҳанинг умумий мақсади, қурғоқчил ва шўрланган ерлар шароитида хатар ва заифлик даражасини пасайтирадиган, фермерлар ва қишлоқ аҳолисига қурғоқчилик ва шўрланишга қарши курашиш ва бу ҳолатларга мослашишга ёрдам берадиган илғор амалиётларни қўллаган ҳолда табиий ресурсларни уйғунлашган ҳолда бошқариш амалиётлари миқёсини кенгайтиришдир», дейди лойиҳанинг Миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.