Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 25/12/2023 Ўзбекистонда автобензин нархи жаҳондаги нефть нархига боғлиқми?
Ўзбекистонда автобензин нархи жаҳондаги нефть нархига боғлиқми?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан 2022-2023 йилларда жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши Ўзбекистонда автобензин нархига қандай таъсир кўрсатгани таҳлил қилинди.

Таҳлилда 2022-йилнинг январь ойидан 2023-йилнинг ноябрь ойигача бўлган даврда Республика товар-хомашё биржасида сотилган автобензиннинг улгуржи нархлари, Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардаги чакана бензин нархлари ҳамда Жаҳон банкининг нефть нархлари бўйича маълумотларидан фойдаланилди.

Таҳлил натижаларига кўра, жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши бир ой ўтганидан сўнг Республика товар-хомашё биржасида автобензин нархларида ўз аксини топмоқда. 

Масалан, 2022-йил январь-июнь ойларида нефть нархининг 39,2 фоизга ошиши биржада автобензин ўртача улгуржи нархининг 22,4 фоиз кўтарилишига олиб келган. 2022-йилниинг июль-декабрь ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг 33,2 фоиз пасайиши улгуржи нархларнинг ўртача 21,3 фоизга тушишига сабаб бўлган. 

2023-йилнинг январь-май ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг барқарорлашиши ҳамда 2022-йилнинг 10-декабридан АИ-80 маркали автобензин учун акциз солиғи ставкасининг нолга туширилиши натижасида автобензиннинг ўртача улгуржи нархлари 4848-5060 сўм оралиғида шаклланди. 

Лекин 2023-йилнинг июнь-ноябрь ойларида автобензиннинг ўртача улгуржи нархи 5315 сўмдан 5860 сўмгача (10,2 фоиз) ошди. Ушбу даврда жаҳон бозоридаги ўртача нефть нархи 11 фоизга (73 АҚШ долларидан 81 АҚШ долларигача) қимматлашган.

Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, автобензиннинг ўртача улгуржи нархи, шу жумладан, талаб юқори бўлган АИ-80 ва АИ-92 маркали бензинларнинг улгуржи нархлари жаҳон бозоридаги нефть нархига боғлиқ эканлиги аниқланди. 

Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг 1 фоизга кўтарилиши автобензин ўртача улгуржи нархларининг бир ой кечикиш билан 0,30 фоизга ошишига, шу жумладан, АИ-80 бензинининг 0,32 фоизга, АИ-92 бензинининг 0,54 фоизга қимматлашишига олиб келиши маълум бўлди. 

Тошкент шаҳрида автобензиннинг ўртача чакана нархлари эса ўртача улгуржи нархларига сезувчан бўлиб, улар бир хил ўзгариш динамикасига эга. 

Хусусан, Республика товар-хомашё биржасида автобензин улгуржи нархларининг 1 фоизга ўсиши, Тошкент шаҳрида чакана нархларнинг 0,29 фоиз ошишига олиб келмоқда.

Лекин, жорий йилнинг ноябрь ойида жаҳон бозорида 1 баррель нефть нархининг ўрта ҳисобда 81,35 АҚШ долларигача (октябрь ойидагига нисбатан 8,7 фоизга) пасайганига қарамасдан, декабрь ойида Тошкент шаҳрида АИ-80 автобензинининг ўртача чакана нархи (7611 сўм) ноябрь ойидагига (7440 сўм) нисбатан 2,3 фоизга кўтарилди. Бу эса декабрь ойининг ўрталарида совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши билан метан гази таъминотидаги чекланишлар натижасида АИ-80 бензинига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши билан изоҳланиши мумкин.

Мамлакатимизда нефть ва автобензин маҳсулотларига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланиши сабабли жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши ички бозорда автобензин нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Демак,  Ўзбекистонда автобензин нархи 1 ойлик кечикиш (лаг)  билан жаҳон бозоридаги нефть нархи билан уйғун тарзда ўзгармоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг