Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 28/06/2016 Ўзбекистонда 1,43 тонна гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди
Ўзбекистонда 1,43 тонна гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан наркобизнесга қарши курашиш давомида мусодара қилинган 1,43 тонна гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди.

Мазкур акция 26-июнь куни нишонланадиган Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш куни муносабати билан ташкиллаштирилди.

Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, 2015 йилда Афғонистонда кўкнори етиштириладиган майдонлар 183 минг гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори 3300 тоннани ташкил этган. Бу мамлакатда нарковазият мураккаблигача қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда 6 минг 600 дан зиёд наркожиноят фош этилган. Улардан ярмини наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш ташкил қилган бўлса, қолганлари контрабанда, гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, бангихоналар ташкил этиш ва бошқа турдаги наркожиноятлардир, деб хабар беради ЎзА.

2015 йилда мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишида бўлган жами 2 тонна 510 килограмм миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган. Уларни асосан героин, опий, гашиш, марихуана, кўкнори кабилар ташкил этган.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида МХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 16,7 килограмм героин ва 4,5 килограммдан ортиқ опий мусодара қилинган. Юк поездларини текшириш натижасида 45 килограммга яқин гашиш ва 27 килограммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситалари аниқланган ва мусодара қилинган.

Ўзбекистонда 2015 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 138 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этган. Улардан 364 килограмм наркотик воситалар, 1,4 мингдан ортиқ психотроп таблетка ва бошқа нарковоситалар олиниб, мусодара қилинган.

“Қора дори – 2015” операциясининг кенг қамровли тадбири давомида 0,51 гектар майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилганлиги аниқланган. 0,21 гектар майдонда ёввойи наша ўсимлиги йўқ қилинган.

Ички ишлар вазирлиги томонидан 5 мингдан ортиқ наркожиноят аниқланиб, қарийб 1 тонна 60 килограмм наркотик воситалар мусодара қилинган. Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 407 наркожиноят аниқланиб, 1 тонна 95,6 килограмм наркотик воситалар мусодара қилинган.

Давлат божхона қўмитаси томонидан наркотик ва психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 425 ҳолат аниқланган. Натижада 435,4 килограмм наркотик ва бошқа психотроп таблеткалар мусодара қилинган.

Бош прокуратура томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов олиб борган наркотик воситалари билан боғлиқ 4 минг 573 жиноят иши назорат тариқасида ўрганилган. Судлар томонидан 4 минг 578 шахсга нисбатан наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига оид жиноят ишлари кўриб чиқилган.

Судларда ашёвий далил сифатида кўрсатилган наркотик воситаларни махсус печларда ёқиш орқали йўқ қилиш амалиёти мамлакатимизда 1994 йилдан буён қўлланиб келинмоқда. Ўтган вақт давомида мамлакатимизда жами 55 тонна 438 килограмм гиёҳванд воситалар ёқиб юборилди ва бунинг натижасида миллионлаб инсонлар ҳаёти асраб қолинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг