Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 13/10/2016 Ўзбекистон ЯИМ ҳажмининг 2016-йил 9 ойидаги ўсиши 7,8 фоизни ташкил этди
Ўзбекистон ЯИМ ҳажмининг 2016-йил 9 ойидаги ўсиши 7,8 фоизни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 13-октябрда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016-йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев олиб борди.

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизациялашни чуқурлаштиришнинг энг муҳим вазифаларини бажариш, жорий йилда фойдаланишга топшириладиган энг муҳим объектларни ишга туширишни сўзсиз таъминлаш, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва танқидий таҳлил қилинди.

Қайд этилдики, глобал иқтисодиётнинг ривожланиши тобора секинлашиб бораётгани ва жаҳон бозорларидаги ноқулай шарт-шароитларга қарамай, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва унинг ислоҳотларни амалга оширишга доир бешта машҳур тамойилига асосланган мамлакатни ислоҳ этиш, модернизациялаш ва ривожлантириш стратегиясини мақсадли ва тизимли амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда макроиқтисодий мувозанат ва иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда.

Жорий йил 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни, саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича дастурий чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Замин заҳматкашларининг фидокорона меҳнати ва миришкорлиги туфайли, мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бой ҳосили етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,4 фоизга ўсиши таъминланди.

Аҳолининг даромадлари, турмуш даражаси ва сифатини узлуксиз ошириш йўналиши давом эттирилди. Ўтган 9 ойда ўртача ойлик иш ҳақи 12,6 фоизга ошган, жорий йил 1 октябрдан эса бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар яна 15 фоизга оширилди. Янги қишлоқ массивларида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингтадан ортиқ шинам ва қулай шахсий уй-жой фойдаланишга топширилди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш давом эттирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 6,8 триллион сўмдан ортиқ ва 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

Саноат тармоқларини чуқур таркибий ўзгартириш ва модернизациялаш, ривожланган ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаларни шакллантириш бўйича фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг – 9,4 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар – 11,2 фоизга ўсишини таъминлагани қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг