Валюта курслари 02/04/2025
$1 – 12925.20
UZS – -0.09%
€1 – 13982.48
UZS – 0.32%
₽1 – 152.58
UZS – -1.27%
Қидириш
Ўзбекистон 29/03/2025 Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро бўлими мудири Лю Цзяньчао бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди.  Айниқса, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг қатъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари туфайли Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўламли аҳамият касб этиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди, турли соҳалардаги муносабатлар янги босқичга чиқди.

Учрашувда делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Лю Цзяньчао икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ишончли мулоқотлари ва кенг кўламли алоқалари Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бутун спектрини ривожлантиришга туртки бўлаётганини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳада амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар улкан натижалар бераётганини юқори баҳолади.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсаётгани, салоҳиятли инвесторларнинг кенг эътибори Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жуда пухта ўйланганидан далолат экани алоҳида қайд этилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда парламентлараро алоқаларини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, икки томонлама муносабатлар динамикасини бойитишга қаратилган аниқ йўналиш ва таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида “ақл марказлари” ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот саноат ҳудудларини яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, рақамлаштириш соҳасида алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича сўз юритилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг