Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 15/10/2023 Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда 

Марказий Осиё ва Хитой муносабатлари илдизи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўймоқда. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизлик, юқори технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

Айни пайтда мамлакатимизда бўлиб турган Хитой халқ дипломатияси ассоциацияси раҳбари ўринбосари Лю Бивей бошчилигидаги делегация мамлакатимизнинг турли вазирлик, идораларида, олий таълим муассасаларида учрашувлар ўтказмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири кеча мамлакатимиздаги Хитой элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалари бўйича идорасида ўтказилди.

Давра суҳбатида Хитой халқ университетининг ташқи стратегик алоқалар маркази директори Цзинь Цанжун, Хитой халқ университети профессори Ван Ивэй, Хитой ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати департаментининг биринчи котиби Ан Нин ва мамлакатимиздаги етакчи нашрларнинг вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланишича, яқин йиллар ичида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари барча даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, янги уфқлар очмоқда.

– Ўзбекистонга иккинчи ташрифим бўлишига қарамай, худди илк бор келгандекман, – дейди жаноб Лю Бивэй. – Йигирма йил аввалги Ўзбекистон бутунлай ўзгариб кетганини кўрдим. Бундан ташқари, Ўзбекистонда хитой маданияти, тили, иқтисодиёти, тарихига қизиқиш ҳам кучли экан. Куни кеча делегациямиз аъзолари билан Тошкентдаги Шарқшунослик университети фаолияти билан яқиндан танишдик, шунингдек, Ўзбекистон давлат тарихи музейида ҳам бўлиб, алоқаларимиз ўтмиши ва бугунидан гувоҳлик берувчи экспонатларни томоша қилдик. Биламизки, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Айни пайтдаги муносабатларимиз ҳам “Бир макон, бир йўл” ташаббуси орқали янада ривожланмоқда дейишим мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Хитой манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган, тенг ҳуқуқли шериклардир. Икки мамлакат ҳам қадимий тарихга эга бўлиб, уларни маданиятлар муштараклиги ўзаро бирлаштириб туради ва янада яқинлаштиради.

Самимий руҳда кечган йиғилиш давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистонда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Хитой томони ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг