Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Темир йўл транспорти бўйича Кенгашнинг 81-йиғилиши доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси З.Нарзуллаев ва Туркманистон темир йўллари агентлиги раиси Азат Атамурадов билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув темир йўл соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишга бағишланди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги темир йўл алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўл орқали ташиладиган юклар ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Иккала томон ҳам темир йўл транспорти учун амалдаги тарифларни узайтиришга келишиб олдилар.
Юк ва йўловчи вагонлари паркини модернизация ва янгилаш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилган.
Транзит юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида томонлар темир йўл транспортида янада рақобатбардош тарифларни жорий этишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, Азат Атамурадов З.Нарзуллаевни ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг барча ходимларини корхона ташкил топганининг 30 йиллиги билан табриклади.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш савдо ва минтақавий интеграция учун янги имкониятлар очишга ваъда беради.