Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 26/09/2017 Ўзбекистон ва Татаристон савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришмоқчи
Ўзбекистон ва Татаристон савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришмоқчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихоновнинг ташрифи доирасида 25 сентябрь куни пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Татаристон ишбилармон доираларининг қўшма бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон ва Татаристоннинг ташқи савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, автомобилсозлик, қурилиш, кимё, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари ва сайёҳлик соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов, Татаристон Республикаси Президенти Р.Миннихонов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентларининг учрашувларида эришилган келишувлар барча соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Форумда Татаристоннинг 50 га яқин компанияси вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя жалб этишнинг устувор йўналишлари, мамлакатимизнинг нефть-газ, сайёҳлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги салоҳияти, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, яратилган сармоявий муҳит ва имкониятлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самаралари билан танишди.

Тадбирда нефть-газ, машинасозлик, тўқимачилик, фармацевтика, илм-фан, қишлоқ хўжалиги соҳаларида, Ўзбекистонда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналарда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Татаристон компаниялари ўртасида амалий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, янги қўшма дастур ва лойиҳаларни бажариш юзасидан фикр алмашилди.

Бизнес-форум якунида Ўзбекистон Республикаси ва Татаристон Республикаси Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, туризмни ривожлантириш, ахборот-коммуникация, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорлик қилишга оид ҳужжатлар имзоланди.

Рустам Миннихонов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа идораларда музокаралар ўтказди, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг