Валюта курслари 04/07/2025
$1 – 12557.56
UZS – -0.27%
€1 – 14809.13
UZS – -0.08%
₽1 – 159.44
UZS – -0.46%
Қидириш
Иқтисод 05/07/2025 Ўзбекистон ва Sojitz корпорацияси тиббиёт, энергетика ва инновациялар соҳаларида лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Sojitz корпорацияси тиббиёт, энергетика ва инновациялар соҳаларида лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 июль куни Япониянинг “Sojitz Corporation” компаниясининг Президенти ва Бош ижрочи директори Косуке Уэмура бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Sojitz Corporation” компаниясининг Энергетика ва соғлиқни сақлаш департаменти бош директорининг ўринбосари Ясиҳуде Мачида, Авиация, транспорт ва ижтимоий инфратузилма департаменти бош директорининг ўринбосари Канеҳиса Нанго ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков, Отабек Фазилкаримов, Умид Абидхаджаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Sojitz Corporation – Япониянинг йирик савдо ва инвестиция компанияси (согошоша) бўлиб, 2004 йилда Нисшо Иваи Сорпоратион ва Ничимен Сорпоратион компаниялари бирлашиши натижасида ташкил этилган. Сожитз дунё бўйлаб 50 дан ортиқ давлатда фаолият юритади, кўплаб мамлакатларда электр станциялари, кон лойиҳалари, автомобиль таъминоти, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш каби соҳаларга инвестиция киритган.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ҳамкорликнинг йўналишларини янада кенгайтириш, мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Муҳокамалар давомида қуйидаги йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди:

Ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг кўламини кенгайтириш;

Инфратузилмани ривожлантириш, яшил трансформация, IТ ва стартуп лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

ДХШ асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, ҳудудларда замонавий кўп тармоқли шифохоналар қуриш, электр узатиш инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини модернизация қилиш;

Мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, шу билан бирга келгусидаги устувор мақсадларни амалга ошириш ва кенг қамровли тажриба алмашинув жараёнларини йўлга қўйиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, юқорида қайд этилган соҳаларда самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг