Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Маданият 24/06/2016 Ўзбекистон ва Россия Президентлари Пушкин ҳайкали пойига гул қўйдилар
Ўзбекистон ва Россия Президентлари Пушкин ҳайкали пойига гул қўйдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24-июн куни атоқли рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ҳайкали қад ростлаган майдонга ташриф буюрдилар.

Бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил-иноқ истиқомат қилаётган мамлакатимизда барча миллат вакилларининг анъаналарини, урф-одатларини асраб-авайлашга оид ҳуқуқий кафолатлар яратилган. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида адабиёт ва санъатни равнақ топтириш, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг яхши асарларини ўзбек тилига таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия халқлари бир-бирининг адабиёти ва санъатини яхши билади. Пушкин ҳайкали ўрнатилган майдон пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканларидан биридир. Ўзбекистонда Рус миллий маданият маркази ишлаб турибди. М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Москва шаҳри марказида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг улуғвор ҳайкали қад ростлаб турибди.

Ўзбекистонда жаҳон мумтоз адабиёти намояндаларининг ўлмас меросини ўрганиш, тарғиб этиш, улардан ёш авлодни умумбашарий эзгу ғоялар руҳида тарбиялашда кенг фойдаланишга оид эзгу ишлар А.С.Пушкин ижодини ўрганишда ҳам яққол акс этмоқда. Жорий йилда Александр Пушкин таваллудининг 217-йиллиги кенг нишонланди. Асарларида тинчлик, дўстлик, муҳаббат, эркинлик ғояларини тараннум этган шоир ижодига бағишланган турли кечалар, маърифий тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Пушкин ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Майдонда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди. Россия Федерацияси Президенти Ўзбекистонда жаҳон адабиётининг буюк намояндалари қатори Александр Сергеевич Пушкин ижоди, адабий мероси юксак қадрланиши, шоирхотирасига бунёд этилган ёдгорлик халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик муносабатларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидлаб, самарали музокаралар учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида ташкилот фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича мамлакатимиз амалга оширган ишларга юксак баҳо берди. Ишчанлик руҳида ўтган Тошкент саммити ШҲТ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Тошкент халқаро аэропортида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кузатиб қўйди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг