Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 31/05/2024 Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудларида тинчлик ўрнатиш бўйича қўшма лойиҳа якунлари сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудларида тинчлик ўрнатиш бўйича қўшма лойиҳа якунлари сарҳисоб қилинди

Кўп миллатли жамоалар, айниқса, чегарадош ҳудудларда фаровонлик учун тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарорликка эришиш барча томонларнинг, жумладан, миллий институтлар, ҳокимият органлари ва умуман аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади.

Бугун Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида яшовчи 100 дан ортиқ фаоллар, шунингдек, расмийлар ва экспертлар икки қўшни давлатнинг чегарадош ҳудудларида тинчлик ўрнатиш лойиҳаси якунларини сарҳисоб қилишга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан амалга оширилаётган “Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида ҳамкорлик орқали умумий фаровонлик” лойиҳаси 2022 йил июнь ойида бошланган эди.

Лойиҳа БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилиб, Фарғона водийси орқали ўтувчи чегаранинг ҳар икки томонида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу мақсадда лойиҳа қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Лойиҳа Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўш вилоятлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Наманган ва Андижон вилоятларидаги бир қатор қишлоқларни қамраб олди.

Лойиҳанинг Қирғизистондаги миллий ҳамкорлари сифатида Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги, шунингдек, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий ҳамкорлари ҳисобланади.

Лойиҳанинг икки мамлакатда эришилган асосий ютуқларидан бири 700 дан ортиқ кишини бирлаштирган 66 та ўз-ўзига ёрдам гуруҳларининг (ЎЁГ) ташкил этилгани бўлди. Ушбу гуруҳлар иштирокчиларининг 90 фоизи аёллардан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳани амалга оширишда гендер тенглигини таъминлаш алоҳида ўрин тутди, бунда аёллар ва ёшлар тинчлик ўрнатиш жараёнларидан манфаатдор асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўрилди.

Бугунги кунда лойиҳа ҳудудларидаги маҳаллий жамоалар, шунингдек, ўз-ўзига ёрдам гуруҳлари иқлимга мос қишлоқ хўжалиги учун инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишда давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ташаббуслари эса ғоядан тўлиқ қиймат занжирини ўз ичига олган барқарор бизнес лойиҳаларига айланмоқда.

Экиш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган маҳаллий аҳоли ҳосилдорликни ўртача 20 фоизга ва шу орқали даромадларини оширишга эришмоқда. Бунга лойиҳа доирасида тақдим этилган қишлоқ хўжалиги ресурслари ва ускуналари: иссиқхоналар, мотокультиваторлар, томчилатиб суғориш тизимлари ва электр чўпон тизимлари ёрдам берди.

Лойиҳани амалга ошириш давомида икки мамлакатда аёллар тадбиркорлиги ва ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 131 872 АҚШ доллари бўлган 60 га яқин турли кичик бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Бизнес-лойиҳаларни тайёрлаш, ишга тушириш ва биргаликда бошқариш аёлларнинг ролини, етакчилик қобилиятини кучайтирди ва уларга ижтимоий ҳамжиҳатликни намоён этувчи жамиятларнинг фаол аъзоси бўлишга ёрдам берди.

Ўз-ўзига ёрдам гуруҳлари билан бир қаторда маҳаллий ҳокимликлар раҳнамолигида хотин-қизлар ва ёшларни жалб этган ҳолда маҳаллаларни ўйлантираётган қатор муаммолар ҳам аниқланиб, ҳал этилди. Қирғизистон ва Ўзбекистонлик томорқа ер эгалари, фермерлар ўртасида тажриба алмашиш мақсадида амалга оширилган ташрифларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида жами 13 та шундай ташриф амалга оширилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, лойиҳанинг асосий ютуғи Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудларидаги жамоалар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш бўлди.

“Лойиҳа ҳаётимизни тубдан ўзгартирди, – дейди Косонсой туманида яшовчи Хилола Жўраева. – Янги билим ва жиҳозлар туфайли нафақат ўзим пул ишлаб топдим, балки қишлоғимдаги бошқа қизларни ҳам ишга жойлаштирдим. Биз ўзимизга ёрдам бериш гуруҳимизнинг бошқа аъзолари билан қандай қилиб бизнес режа тузиш, қўшма бюджетдан фойдаланишни ва маҳсулотларимизни сотишни ўргандик. Бу нафақат молиявий аҳволимни яхшилади, балки ўз қобилиятларимга ишончим ошишига ҳам имкон берди.

Бундай имконият учун лойиҳадан миннатдорман”.

Қирғизистондан келган делегация иштирокчиларидан бири, Жалолобод вилояти Ақси туманидаги Қашқа-Суу қишлоқ ҳокимияти раҳбари Шекербек Камчибек уулу таъкидлаганидек, лойиҳа давлат фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилди, шунингдек, аҳоли ишончини оширишга ёрдам берди. “Лойиҳа чегарадош ҳудудларнинг ички салоҳиятини очиш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашди, кўпмиллатли жамиятимиз тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилди. Лойиҳа аҳоли, фуқаролик жамияти ва ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди. Биз лойиҳани режалаштириш ва амалга оширишнинг барча босқичларида фаол ёрдам бердик”, деди у.

Маросимда иштирок этган чегарадош ҳудудлар
аҳолиси вакиллари лойиҳа орқали олинган тажриба ва билимлар лойиҳа давомида эришилган натижаларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича вазифаларни муваффақиятли ҳал этишда ёрдам беришини таъкидладилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг