Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасидаги 6 йиллик маслаҳатлашувларда иштирок этди. Учрашувда, шунингдек, ФТА, Proparco и Expertise France вакиллари, етакчи экспертлар ва тадбиркорлар қатнашди.
Суҳбат чоғида биргаликда эришилган ютуқлар ва иқтисодий ривожланишнинг янги имкониятлари муҳокама қилиниб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилинди. ФТА Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини ошириш, экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнашда давом этмоқда.
Мутахассислар сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо ва сармоявий алоқалар мустаҳкамланганини таъкидлади. 2024 йилда Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этиб, 5,2 фоизга ўсди. Мамлакатимиз Европа Иттифоқининг 6200 дан ортиқ турдаги Ўзбекистон маҳсулотини Европа бозорига чиқариш имконини берувчи GSP+ дастури доирасидаги ўз мақомидан самарали фойдалангани муваффақият омилларидан бири бўлди. Натижада ўзбек товарлари Европа Иттифоқи бозорига кириб, экспортни диверсификация қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хориждаги иштирокини оширишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда умумий қиймати 30 миллиард евродан ортиқ сармоявий лойиҳаларни амалга ошираётган мингдан ортиқ Европа компаниялари фаолият юритмоқда. Франция тажрибаси саноат стратегияларини ишлаб чиқиш, минтақавий ривожланиш дастурларни ва хусусий секторни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ўсишнинг қўшимча драйвери бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, томонлар ҳудудлараро муносабатларни чуқурлаштириш, қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш, ўта муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг бир қанча муҳим йўналишларини белгилаб олдилар.
Ушбу соҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бу халқаро стандартларга мос келади ва мамлакатнинг тоғ-кон саноатига сармоя жалб этиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистон билан Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик янада чуқурлашишига, шунингдек, инвестициялар, инновациялар ва барқарор иқтисодий ўсишнинг етакчи марказига айланишга интилаётган Ўзбекистонда Европа компаниялари учун янги имкониятлар очилишига ишонч билдирди.