Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ёзеф Сикела билан учрашди.
Учрашувда Ёзеф Сикела Ўзбекистоннинг кўп жабҳаларда жадал ривожланиш йўлида эришаётган, аҳоли турмушини сезиларли даражада яхшилаган ютуқлари, жумладан, рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Ўз навбатида, вазир Шерзод Шерматов вазирликнинг асосий мақсадлари, яратилган имкониятларга тўхталиб ўтди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятлари чеклангани боис вазирлик АКТ соҳасини фаол ривожлантираётгани, бу эса IТ-хизматлар экспорти кўрсаткичларини жадал оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Вазир Шерзод Шерматов Европа бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, учрашувда телекоммуникация йўналишида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, замонавий йўлдош алоқаси тизими ёрдамида олис ҳудудларни интернет билан таъминлаш бўйича лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш масалалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида рақамлаштириш ва телекоммуникация йўналишларида рақамли алоқадорликни кенгайтириш, барқарорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, "Марказий Осиёда рақамли алоқадорликни ривожлантириш бўйича Европа жамоаси ташаббуси" доирасидаги лойиҳалар бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Якунда томонлар учрашув учун бир-бирига миннатдорчилик билдириб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин келажакда қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилишига умид билдирдилар.
"Марказий Осиё учун алоқа (С4СА) лойиҳаси" – бутун минтақада рақамли инфратузилма ва интеграцияни яхшилашга қаратилган. У Марказий Осиё мамлакатларини яхшироқ боғлашга, ҳамкорлик ва иқтисодий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.
"Марказий Осиёнинг олис ҳудудлари аҳолиси учун сунъий йўлдош алоқаси" лойиҳаси чекка ва олис ҳудудларни интернет билан таъминлашга қаратилган.
Бу лойиҳа интернетга ишончли кириш имконияти чекланган ёки умуман мавжуд бўлмаган қишлоқ ва олис ҳудудлар аҳолиси учун таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида рақамли имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.