Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 28/02/2019 Ўзбекистон ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг юксак даражадаги сессияси Сегментида иштирок этиш учун Женевага қилган сафари доирасида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) бош директори Фрэнсис Гарри билан учрашди.

Учрашув чоғида устувор йўналишларда ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, миллий қонунчиликка халқаро стандартларни имплементация қилиш, ИМ соҳасидаги халқаро интеграция оқибатларини юмшатиш ва миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, Агентлик иш сифатини ошириш ва унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш шулар жумласидандир.

Ўзбекистон томони БИМТ раҳбариятига мамлакатимизда 2017—2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида, жумладан интеллектуал мулк соҳасидаги давлат бошқаруви, инвестицион жозибадорликни ошириш тизимида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Президентимизнинг 2019 йил 8 февралдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тузилмасига ўтказилди. Соҳани комплекс ривожлантириш, жумладан қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги мониторинг ва таҳлилий ишларни кучайтириш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон БИМТнинг 14 та шартномасига аъзо бўлган. Масалан, жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимиз БИМТнинг 2 та – муаллифлик ҳуқуқи ҳамда ижро ва фонограмма бўйича шартномасига аъзо бўлди. Мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи олтита қонун амал қилади. “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”, “ЭҲМ дастурлари ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида”, “Селекция ютуқлари тўғрисида”, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”, “Интеграл микросхемалар топологиялари ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. БИМТ раҳбарияти бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

 

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ҳақидаги статистик маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлиги, тўлиқ ва ишончлилигини таъминлашга доир ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказишга эътибор қаратди. Кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали уларнинг салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда.

Конструктив руҳда ўтган учрашув якунида Фрэнсис Гарри БИМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Маълумот учун: БИМТ жадал техник тараққиёт, глобаллашув ва интеллектуал мулк (ИМ) хизматларига ортган талаб натижасида халқаро патент ва муаллифлик ҳуқуқи тизимига таъсир кўрсатувчи омилларни тартибга солиш ва назорат қилиш, ИМ тизими томонидан бутун дунёда ижод ва инновацияларни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Манба: Адлия вазирилиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг