Ўзбекистон ва Афғонистон тўқимачилик саноатида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Афғонистон Ислом Республикасида хизмат сафари билан бўлиб, Кобул ва Қандаҳор шаҳриларида бир қатор муҳим учрашувлар ва музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида Кобул ва Қандаҳор шаҳриларида Афғонистон давлат идоралари ва вазирликлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама саноат ҳамкорлиги, хусусан, тўқимачилик ва қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистон Давлат текстил корпорацияси раиси Абдул Ҳамид Оҳунд Зода билан текстиль соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Имзолаш маросимида Афғонистон давлат корхоналарини назорат қилувчи кузатув кенгаши аъзолари — Конлар ва нефть вазири Ҳидаяттуллоҳ Бадри, Молия вазири Мулла Носир Оҳунд, Иқтисодиёт вазири Дин Муҳаммад Ҳаниф, Бош вазир раёсати раҳбари Анвар-ул Ҳақ иштирок этдилар.