Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 09/06/2017 Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари Остонада учрашишди
Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари Остонада учрашишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ МАтбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшаш. Икки давлат ўртасида яқин қўшничилик алоқалари ўрнатилган, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётини ривожлантириш позициясида қатъий эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавот, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилади. Қурилиш, энергетика, транспорт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган.

Президент Ашраф Ғани Афғонистонда барқарор ҳаётнинг тикланишидаги Ўзбекистоннинг катта ҳиссаси Афғонистонда юксак қадрланишини таъкидлади ва бунинг учун миннатдорлик изҳор этди. 2016 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити доирасида икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида эришилган келишувларнинг амалга ошишидан манфаатдор эканини таъкидлади.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг