Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 28/06/2016 Ўзбекистон узоқ муддатли иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқмоқда
Ўзбекистон узоқ муддатли иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон 2030-йилгача бўлган даврда узоқ муддатли иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Бош бошқарма бошлиғи Отабек ШАРИПОВ маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича дастури (Ишлаб чиқаришда таркибий ўзгаришлар, модернизация ва диверсификацияни таъминлаш бўйича 2015 - 2019 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури) умумий қиймати 40 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 846 та янгидан бошланадиган инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.

Шу жумладан, 25 млрд. АҚШ долларилик 70 та лойиҳа нефт-газ кимёси ҳамда кимё саноатига, 9 млрд. АҚШ долларилик 30 дан ортиқ лойиҳа электр энергетикага, 1 миллиард долларлик 150 та лойиҳа тўқимачилик ва чарм-поябзал саноатига, 410 млн. АҚШ долларилик 300 дан зийод лойиҳа озиқ-овқат саноатига, 270 млн. АҚШ долларилик 40 га яқин лойиҳа электр техника саноатига тегишли. Яна саноатнинг турли тармоқларида бошқа бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Улар хом ашё захираларини 3-4 босқичда чуқур қайта ишлашга қаратилган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш асосида тегишли тармоқларни жадал тараққий топтириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, юртимизда ишлаб чиқаришни чуқур диверсификация қилиш орқали нефт-кимё ва кимё саноати маҳсулотини 3 баравардан ортиққа кўпайтириш, мураккаб полимерлар, олефинлар, синтетик каучук, сунъий тола, хушбўй углеводородлар ҳамда бошқа турдаги юқори технологияли маҳсулотлар, мураккаб минерал ўғитлар, шунингдек, кўплаб соҳаларда талаб этиладиган кимё маҳсулотларининг кенг ассортиментини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун зарур барча имконият мавжуд.

Машинасозлик ҳамда электр техника саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 3,7 баравар, фармацевтика маҳсулотларини қарийб 10 баравар, озиқ-овқат саноатини 5 баравар, қурилиш материаллари саноатини 4 баравар кўпайтириш учун реал шароитларга эгамиз.

Ушбу дастурларни амалга ошириш қатор инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда хорижий давлатлар компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан имкониятларни яратади.

Албатта, миллий иқтисодиётимизни тараққий эттиришга туртки берувчи саноат тармоқларини янада такомиллаштириш масалалари бундан кейин ҳам диққат-эътиборда бўлиши табиий. Зеро, бу – давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган, 2030 йилга бориб мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 2 баравар кўпайтириш ҳамда таркибий ўзгартишлар ҳисобига саноатни жадал суръатлар билан ривожлантириб, унинг ЯИМдаги улушини 40 фоизгача етказишдек устувор мақсадга эришишда энг муҳим омиллардандир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг