Валюта курслари 28/08/2025
$1 – 12412.98
UZS – 0.47%
€1 – 14386.64
UZS – 0.01%
₽1 – 154.28
UZS – 0.23%
Қидириш
Иқтисод 28/08/2025 Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2024 йилдаги соф фойдаси камайди

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2024 йилдаги соф фойдаси камайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ)нинг 2024 йил якунидаги соф фойдаси 17,9 трлн сўмни (ўртача йиллик курс бўйича тахминан 1,4 млрд доллар) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йилдагидан анча паст — ўшанда жамғарма 29,5 трлн сўм (тахминан 2,4 млрд доллар) фойда қайд этган эди. Бу ҳақда жамғарманинг миллий бухгалтерия ҳисоботи стандартлари (МБҲС) бўйича тайёрланган аудиторлик ҳисоботида маълум қилинди.

Фойданинг пасайиши асосан молиявий фаолиятдан олинадиган даромадлар тушиши билан боғлиқ: 36,6 трлн сўмдан 25,6 трлн сўмгача камайган. Асосий омил сифатида валюта курслари фарқидан олинадиган даромаднинг 29,4 трлн сўмдан 17,4 трлн сўмга тушиши қайд этилган. Шу билан бирга, жамғарманинг фоиз даромадлари 6,2 трлн сўмдан 7,1 трлн сўмга ўсган. Молиявий фаолият бўйича харажатлар эса 7,1 трлн сўмдан 7,7 трлн сўмга кўпайган.

Ҳисоботга кўра, 2024 йил якунига қадар дебитор қарздорлик ҳажми 85,2 трлн сўмга етди ва йиллик ҳисобда 10,7 фоизга ўсди. Жамғарманинг узоқ муддатли инвестициялари деярли 60 фоизга кўпайиб, 58,9 трлн сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даврида ЎТТЖ қатор йирик компанияларга узоқ муддатли кредитлар ҳам тақдим этди: «Ўзбекнефтгаз» АЖга — 1,3 трлн сўм, «Алоқабанк»ка эса — 709,8 млрд сўм.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг