Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 01/11/2016 “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 9 ой давомида 15,8 млн. йўловчи ўз манзилига етказиб қўйди
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 9 ой давомида 15,8 млн. йўловчи ўз манзилига етказиб қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 2016-йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 15,8 млн. йўловчи ўз манзилига етказиб қўйди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар беради. Ўтган 9 ойда йўловчи ташиш борасида белгиланган режа 102,9 фоизга бажарилди.

Компаниянинг темир йўл станцияларидан 2016-йилнинг январь–сентябрь ойларида 50,5 млн. тонна юк ортилиб, ўз манзилига етказилди. Юкларни ортиш ҳажми суткасига 184,5 минг тоннани ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,2 фоизни ташкил этди. Қайд этиб ўтилган ташишларни амалга ошириш ҳисобига 9 ойда юк айланмаси ҳажми 13,68 млрд. тонна/км.ни ташкил этди.

Акциядорлик жамиятида экспорт хизматларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ҳисобот даврида 275,7 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт хизматлари кўрсатилди. Бу ўтган йил ҳисоботига нисбатан 105,2 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида акциядорлик жамиятининг саноат корхоналарида таққослама нархларда 312,8 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Иш ўринларини ташкил этиш ва мамлакат аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан ҳисобот даврида 2214 та янги иш ўрин ташкил қилинди. Бугунги кунда жамият миқёсида ишчилар сони қарийб 70 минг нафарни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига мувофиқ компаниянинг молиялаштириш манбалари ҳисобидан 673,66 млн. АҚШ доллари миқдорида капитал маблағлар ўзлаштирилиб, давр прогнози 100,1 фоизга бажарилди.

Жумладан, узунлиги 123,2 километрни ташкил этувчи “Ангрен–Поп” электрлаштирилган темир йўли ва унинг доирасида бунёд этилган, узунлиги 19,2 километрни ташкил этувчи “Қамчиқ” туннелининг қурилиши жорий йил июнь ойида тўлиқ тугатилиб, фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим янгиликларимиздан бири бу, Самарқаддан Бухорогача бўлган масофада 140 километрдан ортиқ янги темир йўл қурилди ҳамда мавжуд темир йўллар тубдан таъмирланиб, Бухорогача бўлган масофада тўлиқ электрлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездининг қатнови йўлга қўйилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг