Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Мозори-Шарифдаги Алишер Навоий ҳайкали бузилишига муносабат билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридаги буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали атрофидаги вазият юзасидан оммавий ахборот воситаларидаги мурожаатлар муносабати билан баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, ўзбек томони ёдгорлик демонтаж қилиниши ҳақидаги маълумотни олгандан сўнг дарҳол Афғонистон ҳукуматига расмий тушунтириш олиш учун мурожаат қилган.
“Олинган маълумотларга кўра, ёдгорлик ўрнатилган жой улуғ мутафаккир хотирасини абадийлаштиришга етарли даражада муносиб эмаслиги сабабли маҳаллий ҳокимликлар томонидан демонтаж қилинган, шоир ва файласуф учун бунданда улуғвор мажмуа барпо этилиши таъкидланган”, — деди Аҳрор Бурхонов.
Шу билан бирга, Афғонистон томони таъкидлаганидек, бузиб ташлаш қарори Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги билан ҳам, кенг жамоатчилик билан ҳам келишиб олинмаган. Расмийлар воқеадан афсусда эканини билдирди.
Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки бутун афғон халқи учун ҳурматли шахс бўлган Алишер Навоийнинг хотираси муносиб абадийлаштирилишига ишонтирди. Хусусан, ҳудудни ободонлаштириш, унинг ҳаёти ва ижодий меросига оид ахборот белгиларини тиклаш, янги ёдгорлик барпо этиш режалаштирилган. У ўрнатиладиган майдонга буюк шоир номи берилади.
Афғонистон томони Алишер Навоий хотирасини асраб-авайлаш тарафдори эканини тасдиқлади ва унинг номини муносиб абадийлаштириш учун барча зарур чораларни кўришга тайёрлигини таъкидлади.