Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 23/01/2024 Ўзбекистон таълим соҳасида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича қандай натижаларга эришмоқда?
Ўзбекистон таълим соҳасида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича қандай натижаларга эришмоқда?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистон 2017-2022 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)дан бири - “Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш” бўйича қандай натижаларга эришганини таҳлил қилди.

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингига мувофиқ Ўзбекистон 2023-йилда 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади ва 2022-йил билан таққослаганда ўз ўрнини 8 поғонага яхшилади.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг 10 таси бўйича кўрсаткичларнинг яхшиланиши рейтингдаги ҳолатнинг яхшиланишини таъминлади. Улардан бири “Сифатли таълим билан таъминлаш” мақсади (4-мақсад) бўлиб, у ўз ичига 9 та вазифа ҳамда 6 та кўрсаткични қамраб олади. 4-мақсаднинг қуйидаги кўрсаткичлари ўсиши натижасида ижобий ўзгаришлар кузатилди:

Уй хўжаликларини ўрганиш бўйича халқаро дастур - Мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS) доирасида олиб борилган тадқиқотлар соғлиғи, таълим олиши ва психологик ижтимоий фаровонлиги нуқтаи назаридан яхши ривожланаётган 3-5 ёш оралиғидаги болалар улуши 82,6 фоизни ташкил этишини кўрсатди. Бу кўрсаткич БМТга аъзо мамлакатлар бўйича ўртача кўрсаткичга мос келади. 

2018-2022 йилларда болаларнинг бошланғич таълимга бир йиллик тайёрлов жараёнида иштирок этиши 2 баробар яхшиланди ва 2022-йилда 84,2 фоизни, жумладан, қизларнинг иштироки 83,4 фоизни, ўғил болаларнинг иштироки 85,0 фоизни ташкил қилди.

2018-2022 йилларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда малакали ёшлар ва катта ёшдагиларнинг улуши сезиларли даражада ортди.

Хусусан:
- электрон жадвалда асосий арифметик формулалардан фойдаланишда 10,5 фоиздан 14,7 фоизга;
- тақдимот дастури ёрдамида электрон тақдимотларни (жумладан тасвирли, овозли, видео ёки диаграммали) яратишда 6,7 фоиздан 7,8 фоизга.

Таълим тизимидаги фаровонликни ўрганадиган паритет индексини ҳисоблашда энг кам даромадли уй хўжаликлари орасида (1 квинтил бўйича) индекснинг 0,92 дан 1,03 гача ижобий ўсиши қайд этилди.

2018-2022 йилларда таълим жараёнида зарур воситалар билан таъминланган мактаблар улуши ҳам ортди. Масалан:
- таълим мақсадлари учун интернетдан фойдалана олувчи мактаблар улуши 86,3 фоиздан 94,6 фоизга;
- компьютерлар билан таъминланган мактаблар улуши 87,3 фоиздан 97,7 фоизга;
- жисмоний имкониятлари чекланган ўқувчилар учун мослаштирилган инфратузилма ва материалларга эга мактаблар улуши 26,5 фоиздан 49,8 фоизга кўпайди.

Мактабгача таълим муассасаларида таълим даражаси бўйича энг кам талаб қилинадиган малакага эга ўқитувчилар улуши 95,6 фоиздан 96,1 фоизга етди.
4-мақсаднинг бажарилиши “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари билан узвий равишда боғлиқ бўлиб, унда мамлакатда таълим сифатини оширишга жиддий эътибор қаратилган ва қуйидаги вазифалар белгиланган:
- давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер синфи билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларда бошланғич компьютер саводхонлиги кўникмаларини шакллантириш;
- янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1000 та мультимедиа дастурини яратиш;
- барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарга ўргатиш курсларини жорий этиш;
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1000 тага етказиш;
- 14 та ҳудудий профессионал тайёргарлик марказини ташкил этиш, малака тоифасига эга бўлган педагог кадрлар улушини 50 фоизга, масофавий ёки аралаш шаклларда ташкил этиладиган малака ошириш курслари улушини 30 фоизга етказиш ва сифатли таълимга эришиш учун бошқа муҳим чораларни амалга ошириш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг