Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Ўзбекистон 14/03/2025 Ўзбекистон – Россия: парламентлараро ҳамкорлик таҳлили ва истиқболдаги режалар муҳокамаси

Ўзбекистон – Россия: парламентлараро ҳамкорлик таҳлили ва истиқболдаги режалар муҳокамаси

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 14 март куни Олий Мажлис Сенатида Россия Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Сенат Раиси Танзила Нарбаева мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, ташриф парламентлараро муносабатларни янги руҳда давом эттиришдаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

Икки давлат ўртасида олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун қонуний асосларни яратиш парламентлар олдидаги асосий вазифалардан биридир. Ушбу учрашув халқларимиз манфаатларидан келиб чиқадиган мақсадларни амалга ошириш йўлидаги фаол мулоқотлар учун қулай фурсатдир, дейилди суҳбатда.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Россия муносабатлари янги босқич – кўпқиррали стратегик иттифоқчилик ва ишончли ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Бунда икки мамлакат президентлари белгилаб берган истиқболли вазифалар ва уларнинг ижроси муҳим ўрин эгаллайди.

Учрашувда ўтган йили ўзаро савдо айланмаси 15 фоизга ўсиб, 12 млрд АҚШ долларини ташкил этгани айтиб ўтилди.

Мулоқот чоғида миграция масаласида долзарб вазифалар мавжудлиги ва бу жараёнда икки давлат фуқароларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонуний ечимларини ҳамкорликда топиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга Ўзбекистон – Россия парламентлари алоқаларининг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, икки давлат муносабатларида парламентлараро яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.

Бу борада Олий Мажлис Сенати  ва Россия Федерацияси Федерал Кенгаши  ўртасида қўшма комиссия фаолият юритиб келаётгани, икки давлат парламентларининг юқори палаталари раҳбарлари мунтазам равишда ўтказаётган учрашувлари ишончли ҳамкорлик муҳитида ўз самарасини бераётгани эътироф этилди.

Ўз навбатида мартабали меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. – Биз Ўзбекистонни Россиянинг 10 та ишончли ҳамкорларидан бири деб ҳисоблаймиз. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган мустаҳкам дўстлик ва ишончли шерикчилик сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз, деди В. Володин. Парламентларимизнинг изчил ва самарали фаолиятидан манфаатдормиз ҳамда  ҳамкорлигимизни юқори суръатларда давом эттириш тарафдоримиз.

Шунингдек, суҳбат давомида истиқболда ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, эришилган келишувларни амалга ошириш устидан назорат, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва Ёшлар парламенти алоқаларини фаоллаштириш юзасидан фикр юритилди.

Ўзбекистон томони Россия парламенти раҳбарияти ва вакилларини яқинда Тошкентда ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси тадбирларида фаол иштирокини мамнуният билан қабул қилишини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг