Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 15/06/2024 Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этдилар
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Ўзбекистон-Корея бизнес форумида иштирок этдилар.
Корея томонидан тадбирда SK Group, Lotte Corporation, KOGAS, POSCO, Samsung, LG, Hyundai, KIA, Doosan, BoMI, Эксимбанк, EDCF жамғармаси, Корея тараққиёт банки каби 80 дан ортиқ етакчи компания ва банк-молия институтлари раҳбарлари қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Корея Республикаси Ўзбекистоннинг анъанавий ва йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.
Ўтган йил якунида 2,5 миллиард долларга етган товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ўсгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон иқтисодиётидаги корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Бугунги олий даражадаги музокаралар чоғида етакчилар савдо ва инвестицияларни кўпайтириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида келишиб олдилар.
– Биз замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдик. Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври” бошланмоқда, – деди Президентимиз.
Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни ташкил этиш бўйича стратегик дастурни ишлаб чиқишга қарор қилинди.
Дастур ўта муҳим хомашё ресурслари, ярим ўтказгичлар, кимё, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларни қамраб олади.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Корея Республикаси Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини модернизация қилишда муҳим ҳамкорга айланганини таъкидлади. Бугунги кунда Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан 5 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
POSCO компанияси билан тўқимачилик кластери, Эксимбанк ва CNT билан кўп тармоқли болалар клиникаси, Shingdong Enercom билан кремнийни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби лойиҳалар бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол бўлади.
Етакчилар бизнес форуми доирасида 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами тайёрланганини мамнуният билан қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг салоҳияти жуда юқори. Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини самарали тўлдиришга қодир, – деди Президент.
Шу нуқтаи назардан келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Аввало, стратегик хомашёни илғор технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қийматли маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш.
Бу борада муҳим қадам сифатида ўта юпқа мис фольгани биргаликда ишлаб чиқариш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон-Корея нодир металлар илмий-технологик маркази фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
Электротехника саноатидаги шериклик доирасида Тошкент вилоятида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичлар кластерини барпо этиш ҳамда электротехника ва техник кремний ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон кимё соҳасида корейс бизнеси билан стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида. “Яшил” водород, аммиак ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, ташриф доирасида Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимё технологиялари марказини ташкил этишга старт берилмоқда.
Корея компаниялари Ўзбекистоннинг автомобилсозлик соҳасидаги минтақавий етакчилигида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Масалан, KIA билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Президентимиз корейс бизнесини машиналарнинг янги моделлари ва бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.
Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, аграр тармоққа “ақлли” технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.
Шу маънода, мамлакатимиз ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида ишлайдиган “яшил” иссиқхоналар ва боғлар яратиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон Кореянинг инфратузилма ва шаҳарсозлик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Бу борада корейс ҳамкорларнинг давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимизга Hyundai Rotem тезюрар поездларини етказиб бериш бўйича келишув имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Корея молиявий институтлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Саммит доирасида ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича EDCF жамғармаси билан умумий қиймати 2 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури имзоланди.
Давлатимиз раҳбари корейс ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистон Ҳукумати барча келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда фаол қўллаб-қувватлашини айтди.
Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинди.
Ўз навбатида, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шериклик кўламини кенгайтириш учун ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг