Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири, АШҲга аъзо давлатлар алоқа маъмуриятлари кенгаши раиси Шерзод Шерматов ҳамда Алоқа соҳасида Ҳудудий ҳамдўстлик Бош директори Алексей Бородин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда рақамли ривожланиш, рақамли иқтисодиёт ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш, янги технологияларни татбиқ этиш ва IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, АШҲ Ижроия қўмитасининг Тошкент шаҳрида ўз филиалини очиши ҳамда ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликнинг янгича ёндашувларини истиқболли ишлаб чиқиш юзасидан фикрлар алмашилди.
Шу билан бирга, алоқа соҳасида янги стандартларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, жумладан, Халқаро электралоқа иттифоқи билан ҳамкорликда келгусида Ўзбекистонда стандартлаштириш бўйича халқаро тадбир ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида АШҲга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни кучайтириш учун янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Хусусан, Ўзбекистон минтақанинг коммуникация ва рақамли технологиялар марказига айланиши учун инфратузилмавий лойиҳаларни ривожлантириш, халқаро тадбирлар ўтказиш ва мамлакатнинг туристик салоҳиятини намойиш этиш масалалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар минтақа давлатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга ишонч билдирдилар.