Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 май куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Нурсултон Назарбоевга Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ҳамда уларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий яқин муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, аниқ амалий мазмун билан бойигани алоҳида таъкидланди.
Жорий йил апрель ойида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи самарали бўлгани, бу Элбоши ташқи сиёсати бардавомлигини яна бир бор намойиш этгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Суҳбатда Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Асосий эътибор савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда етакчи корхоналар ва ишбилармонлар даражасида кооперацияни кучайтиришга қаратилди.
Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб бораётгани ва унинг таркиби диверсификация қилинаётгани ижобий баҳоланди. 2018 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди, яқин вақтда бу кўрсаткични камида 5 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди.
Кенг иқтисодий имкониятлар ва маданий-гуманитар соҳадаги катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида, жумладан, Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирлари доирасида изчил ҳудудлараро алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатларимиз Бош вазирлари бошчилигидаги Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултан Назарбоев Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош халқларининг фаровонлиги, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор таъкидладилар.
Манба: President.uz