Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 13/01/2024 Ўзбекистон Президенти Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди
Ўзбекистон Президенти Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу йўналишдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

– Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур, – деди Президентимиз.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Навқирон авлод вакилларининг юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш, улар ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Ҳозирги кунда Қуролли Кучларнинг замонавий инфратузилмаси негизида ва мономарказларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари бу йўналишдаги тадбирларни кенгайтириб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Мажлисда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда  ҳарбий илм-фанни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Олий Бош Қўмондон жанговар тайёргарлик тизимини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳарбий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.

Бу борада Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Миллий армиямизда ва халқимиз ўртасида киберхавфсизлик борасидаги огоҳликни ва рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакатимиз мудофаа саноати мажмуасини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини  ошириш бўйича ҳам долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолишини қайд этди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари барча ҳарбийларни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг