Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 04/11/2023 Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди
Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграётганини таъкидлади. Ташкилот бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кўрсатиб ўтди.

Фаластин-Исроил можароси кейинги пайтда хавфли тус олгани жиддий хавотирга солаётгани қайд этилди. Қуролли тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли, айниқса кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди. Фаластин-Исроил муаммосини БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш зарурлиги борасида Ўзбекистоннинг позицияси қатъий экани билдирилди.

Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ҳамкорлиги хусусида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатганини катта мамнуният билан қайд этди. Ўтган йили Самарқанд саммитида имзоланган муҳим ҳужжатлар изчил бажарилмоқда.

Ўзбекистон раислиги даврида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди, муҳим ташаббуслар илгари сурилди, янги тузилмалар ташкил этилди, бир қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилди.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.

Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, Ўзбекистон Президенти марказ имкониятларидан савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб экани таъкидланди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади.

Ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

Экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумини тузиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон етакчиси ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишонч билдирди. Янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш таклиф қилинди.

Жадид боболаримизнинг илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти ТДТ мамлакатлари вакилларини жорий йилнинг декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Сўзини якунлар экан, Ўзбекистон раҳбари иштирокчилар  эътиборини минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли жафокаш Афғонистон халқига қаратди.

Мамлакатимиз етакчиси афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

Мажлисда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон делегациялари раҳбарлари, ташкилот бош котиби ҳам сўзга чиқди.

Саммит якунида ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.

Ташкилотга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг