Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 24/11/2023 Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.

Озарбайжон етакчиси Ўзбекистон Президентига БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, Озарбайжон Президентини СПЕКАда муваффақиятли раислик қилаётгани билан табриклади.

Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, шу жумладан олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Тизим ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентини ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг