Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 16/03/2018 Ўзбекистон Президенти: Минтақа мамлакатлари терроризм таҳдидларига дуч келмоқда
Ўзбекистон Президенти: Минтақа мамлакатлари терроризм таҳдидларига дуч келмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда, - деб таъкидлади. Бунга қарши курашиш учун бир қанча тадбирларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Биринчидан. Давлат чегараларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича йўлга қўйилган ўзаро ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур.

Ишончим комил, биз ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш, оқилона муросалар асосида ушбу ғоят муҳим муаммони тез муддатда тўлиқ ҳал қилишга эришамиз.

Чегараларимиз дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айланишига астойдил ишонаман.

Иккинчидан. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда.

Ушбу хатарларга қарши фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина самарали курашиш мумкин.

Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва махсус хизматлар йўналишида амалий ҳамкорликни ва ўз вақтида ахборот алмашишни давом эттириш жуда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан. Экстремизм мафкурасига қарши курашиш, шу мақсадда аҳоли, аввало ёшларга ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифадир.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академиясини ташкил этдик.

Тўртинчидан. Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан узвий боғлиқ.

Бу муаммони ҳал этишда тинч музокаралар ўтказишдан бошқа муқобил йўл йўқ эканини эътиборга олиб, Ўзбекистон ва Афғонистон жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ўтказиш тўғрисида ташаббус билан чиқди.

Биз ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан миннатдормиз, бу умумий манфаатларимиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчидан. Биринчи навбатда чегараолди ҳудудларда фавқулодда ҳолатлар, техноген ва экологик фалокатлар, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг вужудга келишига қарши ўз вақтида ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини яратиш зарур.

Учрашувимиз давомида очиқ фикр алмашиш, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича амалий ечимларни муҳокама қилиш ва қабул қилиш бутун Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишига ишонаман.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг