Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) Кенгашининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси иштирок этмоқда.
Ташрифнинг биринчи кунида делегациямиз вакиллари Кенгашнинг ташкилий масалаларга қаратилган мажлисида иштирок этди.
Мажлисда МДҲ давлатлари ПА Кенгаши аъзолари томонидан Ўзбекистонда парламент сайловининг демократик тамойилларига мос равишда шаффоф ва адолатли ўтганлиги эътироф этилди. Сиёсий тадбирда сайловчиларнинг 75 фоизи фаол иштироки, шунингдек, депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич эканлиги алоҳида қайд этилди.
Сенат Раиси Танзила Нарбаева сайлов жараёнлари кузатувчилар гуруҳи вакилларига билдирилган холис фикрлари ва тавсиялари учун миннатдорчилик билдирди. Улар берган тавсияларнинг чуқур ўрганилиши, амалиётга татбиқ этилиши таъкидлаб ўтилди.
Делегация аъзоларининг МДҲ давлатлари ПА Кенгаши мажлисидаги иштироки давом этмоқда.