Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 20/09/2018 Ўзбекистон ОАВ ҳамда матбуот хизмати томонидан самарали бирдамлик ҳаракати учун янги усуллар тақдим этилди
Ўзбекистон ОАВ ҳамда матбуот хизмати томонидан самарали бирдамлик ҳаракати учун янги усуллар тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- ТИҚХММИ ҳудудидаги Инновация ва илмий изланишлар кластерида ОАВ ва Ўзбекистон давлат органларининг матбуот хизматлари учун сув заҳираларидан оқилона фойдаланишни ёритишга қаратилган тренинг бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиё минтақавий экология марказининг UzWaterAware лойиҳаси ва “Шимолий пойтахт” инновацион таълим маркази доирасида ўтказилди ҳамда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилди.

“ОАВ ва матбуот хизматлари: сувдан оқилона ва унумли фойдаланиш мавзусини ёритишдаги бирдамлик ҳаракати” тренингининг мақсади матбуот котиблари ва журналистларнинг ўзаро ҳамкорлигида мавжуд муаммоларни аниқлашдан иборат. Семинар давомида бу муаммоларнинг оптимал ечимлари излаб топилди ҳамда ижтимоий фикрни шакллантиришда қўл келадиган янгича қарашлар ва усуллар тақдим этилди. Шуни айтиш жоизки, тренинг мавзуси 2017 йилнинг октябр ойида лойиҳа иштирокчилари ва ОАВ ўртасида очиқ ошхона кўринишида бўлиб ўтган норасмий учрашув давомида журналистлар томонидан ўтказилган сўровномага кўра танланди.

Махсус дастурни ишлаб чиқувчи мутахассис ва мураббий “Шимолий пойтахт” ИТМ лойиҳаси раҳбари Андрей Бойцов ҳисобланади. Тренингнинг биринчи куни Ўзбекистоннинг давлат ташкилотларидаги матбуот хизмати вакиллари билан чуқурлаштирилган ҳолда иш олиб боришга бағишланди.

Матбуот хизмати мутахассислари ўз фаолиятларига, журналистлар билан айни пайтдаги, шунингдек, тренинг ўтказилган пайтдан олдин ва кейингги ўзаро муносабатларига баҳо бердилар. Улар олдига қўйилган вазифалар, ОАВ билан ҳамкорлик қилишнинг нима учун муҳим эканлиги, шунингдек, ижтимоий фикрни шакллантиришда ва жамиятни ўзгартириш механизмидаги ОАВнинг ўрни ҳақида маълумотга эга бўлдилар. Бундан ташқари, мутахассислар интерфаол шаклда тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, турли ҳолатларда вазиятдан қандай чиқиб кетиш каби масалалар юзасидан ҳориж мисолида фикр алмашдилар ва улар фаолияти билан боғлиқ тарихий ҳодисаларни ўргандилар.

Масалан, қатнашчиларга фикрлар сардори ким эканлиги, улар ҳолатни англашларида фуқароларга қандай таъсир ўтказишлари ҳақида тушунчага эга бўлдилар. Шу билан бирга, мутахассислар “message house” (хабар-уй)нинг мажбурий унсурларини ўргандилар. Бу техникага кўра, “пойдевор” асосида исбот, кучли далиллар ётади. Акс ҳолда “уй” қулаб тушади. Уй деворлари – калит хабарлар, томи эса, умумий фикр ҳисобланади.

Шунингдек, қатнашчилар Карпман-Берннинг “қурбон-ҳалоскор-бочқинчи” учбурчагини қандай қўллаш кераклиги билан ҳам танишдилар. Мураккаб жараёнлар пайтида ОАВ матбуот хизматларини босқинчилар сифатида кўриб, ўз бўйнига ҳалоскор вазифасини олади. Шу боисдан ҳам, матбуот хизмати ходимлари учун ўз вақтида вазиятдан чиқа олиши ва ахборотни тўлиқ етказиши муҳим саналади. Бошқача айтганда, ахборот беришни рад этиш тушунмовчиликларга сабаб бўлади, бу эса, ОАВ га қўл келиб, саволларга жавоб беришдан қочганликда муассасани айбдор қила бошлайди. Турли вазирликларнинг матбуот хизмати ва ахборотномалар ўртасидаги ўзаро фаолиятнинг самараси натижасида медиа фаолликнинг намунавий кўриниши сифатидаги учта ўзига хос лойиҳа концепцияси яратилди.

“Тақдим этилаётган ишнинг берадиган натижаси нафақат матбуот хизмати ва журналистларнинг ўзаро бирдамлигида, балки узоқ муддатли ва улкан экологик лойиҳаларни амалга оширишда ҳам катта имкониятлар эшигини очади”, - деди мураббий Андрей Бойцов.

Тренингнинг иккинчи куни қатнашчилар гуруҳига радиоканаллар, босма ва онлайн ОАВ журналистлари келиб қўшилиб, матбуот хизматлари фаолиятига баҳо бердилар, муаммоларни айтиб ўтдилар, турли тадбирлар ўтказишдаги ҳамкорлик ишларига киритилиши керак бўлган ўзгаришлар ҳақида таклиф-истакларини билдирдилар. Лойиҳа устида гуруҳ бўлиб ишлаш тренингнинг муҳим қисми бўлди. Тадбирнинг 20 нафар қатнашчиси аралаш гуруҳларда уч йирик лойиҳа ишланмалари устида ўзларининг ҳаракатлар стратегияси ва уни амалга ошириш усулларини тўлақони тақдим этдилар. Тақдим этилган стратегияларнинг муҳокамалари якунида мутахассислар ва журналистлар ўзларини қизиқтирган жиҳатларни муҳокама қилдилар ва ўз ҳамкасбларининг тақдимотларини ўз таклифлари билан тўлдирдилар.

“Лойиҳалар стратегиясини ҳамкорликдаги тақдимоти ва ишланмаси жуда фойдали бўлди. Биз мутахассисларга тушунарли бўлган нарсалар журналистлар учун тушунарсиз бўлиши мумкин экан. Кўзланган натижага эришиш учун турли мавзулардаги майда-чуйда икир-чикирлар ҳам матбуот хизмати фаолиятида, шунингдек, ўз ишимда ҳам жуда муҳим эканлигини англадим”, - деди Ўзбекистон Республикаси Давлат экологик қўмитаси қошидаги ЦСАК ахборот-таҳлилий бўлим бошлиғи Хония Асилбекова ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб.

Лойиҳа концепциялари устида ишлаш билан бир қаторда тақдим этилаётган пресс-релизларга сарфланадиган кутиш вақти ва талаблари, улардаги ноаниқликлар ёки хатоликлар, фото-омбор ва фото-архив яратиш зарурияти, шунингдек, иккала тарафдан талаб этиладиган касбий маҳорат, тақдим этилаётган ахборотга ишонч туйғусининг ўрнатилиши ҳақидаги муҳим таклифлар юзасидан муҳокамалар олиб бордилар.

“Тренинг давомида нафақат билимларимни бойитдим, балки ишим учун керакли инсонлар билан ҳам танишишга муваффақ бўлдим. Келажакда олган билим ва кўникмаларимни, шу икки кун ичида ажойиб мураббийдан ўрганган усуллар ва айёрликларни ўз фаолиятим давомида, албатта, қўллайман. Бу тренингда қатнашиш шарафига муяссар бўлганимдан хурсандман. Андрей Александрович ҳамда барча ташкилотчиларга ижобий таассуротлар усун миннатдорчилик билдираман”, деди ЎзР ФВВ қошидаги Гидрометеорология хизмати Марказининг матбуот хизмати вакили Дурдона Исхакова.

Шунингдек, тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш, маълумотларни биринчи манбадан олиш учун ташкилотнинг расмий вакили тайинланиши лозимлиги таклифи журналистлар томонидан киритилди. Қатнашчилар матбуот хизматидан маълумот олиш ва уларнинг ахборотномалари борасида етарли билимга эга бўлиш, журналист сўровномасига жавоб бериш тезлигига таъсир этувчи раҳбариятнинг рухсатини олиш билан боғлиқ бўлган жараёнлар ҳақида баҳслашдилар.

“Ўзбекистон журналистлари ва матбуот хизматининг ҳамкорликдаги сувдан оқилона фойдаланишни ёритишдаги бирдамлигига бағишланган тренинг интерфаол, юқори кайфиятда ва сермаҳсул ўтди. Биз ҳамкорликда ишлашни яхшилаш ҳамда матбуот хизматларидаги очиқликни муҳокама қилдик. Тренинг давомида ҳозирда бизда мавжуд бўлмаган, жамиятнинг ҳар бир жабҳаси ва жараёни билан боғлиқ статистика ва матбуот ўртасидаги алоқани йўлга қўйишга қаратилган муаммолар яна кўтарилди. Ўз навбатида, матбуот хизмати ходимлари матбуот конференцияларидаги мухбирларнинг сусткашлиги ва муҳаррирларнинг далилларни текшириб кўришга иштиёқсизлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Минтақадаги сув билан боғлиқ муаммоларини ёритиш усуллари борасида жамоавий ишлаш фойдали бўлди. Қатнашчилар омма эътиборини яратилган лойиҳаларга жалб этиш, ривожлантириш ва амалга ошириш механизмлари устида ишладилар. Санкт-Петербурглик мураббий Андрей Александровичга, тренинг ташкилотчиси – Ўрта Осиё экологик марказининг Ўзбекистондаги минтақавий филиалига, уларнинг сувдан оқилона, самарали, унумли ва эҳтиёткорона фойдаланишга қаратилган муҳим ишлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, - дея эътироф этди тренинг қатнашчиси, “Леди” газетаси мухбири Надежда Нам.

Айтиш жоизки, яратилган лойиҳа ва кейслар талабалар ва Ўзбекистоннинг турли вилоятларида фаолият кўрсатувчи журналистларга ўргатилиши режалаштирилмоқда. UzWaterAware лойиҳасининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари ва ОАВ бирдамлиги ифодаси сифатида, уларнинг иш фаолиятини яхшилаш учун ўқув қўлланма яратилиши кўзда тутилган.

“Журналистлар ва жамоат ташкилотлари мамлакатда рўй бераётган улкан ислоҳотлар билан боғлиқ омма орзу-истакларини ифода этувчи ҳаракатдаги куч ҳисобланади. Ўз навбатида, журналистлар олға силжишларни лоақал давлат структураси билан мулоқот ва маълумот алмашишдаги ўзгаришлар орқали кўришни истайдилар. Бунда эса, журналистлар матбуот хизмати билан ўзаро ҳамкорликда қўл келадиган қатъий талабларни келтирдилар. Бу яхши албатта. Бунинг натижасида, матбуот хизмати ишини қайси йўналишда ташкил этиш кераклигини белгиловчи нишон пайдо бўлади. Бу эса, жамият учун ташкилотлар ва уларнинг ахборотномаларини муносиб баҳолаш имконини беради,”, - ўз фикрлари билан ўртоқлашди тренинг мураббийи Андрей Бойцов.

Андрейнинг сўзларига қараганда, конструктив мулоқот учун ўзаро бирдамлик механизмини йўлга қўйиш биринчи қадам ҳисобланади. Матбуот хизматининг ҳам журналистларга нисбатан ўз талаблари мавжуд, унга кўра, қалам аҳлидан ҳаққонийлик, холислик ҳамда воқеа-ҳодисаларни ёритишда журналист одоб-аҳлоқи тамойилларига амал қилишлари таклифи киритилган. Мураббийнинг фикрига кўра, ўтган тренинг давомида маълум бўлдики, бу ўзгаришлар доирасида ажойиб конструктив бирдамлик юзага келади, ўзаро тил топишиш осон бўлади. Унинг айтишича, кўп муаммолар объектив ва ҳиссий характерга эга, қачонки, икки тараф жамият ва давлат манфаати йўлида бирдам ҳаракат қилсалар, бу муаммолар бартараф бўлади. Хусусан, табиий бойликлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгариши ва экология доирасидаги лойиҳаларни ёритишга қаратилган масалалар ҳам.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг