Учрашувда иштирок этганлар:
ХМТ томонидан – жанубий-шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ХМТ минтақавий директори Аргентина Сабадош (делегация раҳбари), Марказий Осиёдаги ХМТ минтақавий ваколатхонаси раҳбари Деян Кесерович, минтақавий директор ёрдамчиси Сюзан Арнолд, Ўзбекистон бўйича ХМТ давлат менежери Санжар Тошбоев;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан – вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, ташқи меҳнат миграцияси ва қайтиб келган меҳнат мигрантларини реинтеграциялаш дастури бошқармаси бошлиғи Д.Икромова, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги департаменти бошлиғи Р.Отабоев, вазирлик ҳузуридаги «Ишга марҳамат» мономаркази директори в.б. Д.Исмоилова.
Учрашув давомида қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
- 2018 йил ноябрь Женева шаҳрида ўтказиладиган ХМТ кенгаши мажлисида маъқулланиши назарда тутилаётган Ўзбекистон Республикасининг ХМТга аъзо бўлиши;
- меҳнат миграцияси соҳасида ХМТ лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонда субминтақавий марказ сифатида фаолият юритадиган ХМТнинг камида иккита ваколатхонаси (тўла ҳуқуқли офислари)ни Ўзбекистонда (Тошкент ва Термиз шаҳарларида) ташкил этиш;
- «Ишга марҳамат» мономаркази негизида Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида камида иккита Европа мамлакатларига кетиш олдидан меҳнат мигрантларини кўниктириш марказини ташкил этиш ва керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда ХМТнинг иштирок этиши. Бунда, шунингдек, Сурхондарё вилоятида Афғонистондан бўлган меҳнат мигрантларини тўлов асосида тайёрлаш назарда тутилмоқда, бу масалага ХМТ ва АИР ҳукумати олдиндан қизиқиш билдирди;
- Ўзбекистондан Полшага уюшган меҳнат миграциясини кенгайтиришга тўсиқ бўлаётган масалалар (кириш учун ишчи визаларини тақдим этиш)ни ҳал қилиш, Чехия ва Словакия, шунингдек, Канада, Австралия ва скандинавия давлатларига меҳнат миграцияси йўлларини ривожлантиришда ХМТ кўмаклашуви;
- МДҲ мамлакатларида вақтинчалик меҳнат фаолиятида бўлган фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишларда ХМТнинг ёрдам кўрсатиши. Ўз навбатида, ХМТ вакиллари бу каби амалиёт Россия Федерациясининг ваколатли давлат органлари билан музокаралар ўтказиш йўли орқали Россия Федерациясида олиб борилаётганини билдирди.
ХМТ вакилларига уюшган меҳнат миграциясини ривожлантириш, хориж давлатларидаги Ўзбекистондан борган мигрантлар ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан амалга ошириладиган ишлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ХМТга аъзо бўлиши билан боғлиқ тайёргарлик чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди.
А.Сабадош хоним мамлакат Президенти қарорига мувофиқ, вазирлик ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси минтақа учун ноёб эканлигини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, А.Сабадош меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилот томонидан тўпланган бой тажрибани Ўзбекистонда кенг қўллашга ваъда берди.
Ўз навбатида, Э.Мухитдинов Ўзбекистоннинг ХМТ билан ҳамкорлигини ривожлантириш йўлидаги Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун ХМТ делегациясига миннатдорчилик билдириб, давлатимиз ташкилотга аъзо бўлгач, самарали муносабатларни янада кучайтиришга умид боғлади.
Томонлар Ўзбекистоннинг ХМТга қўшилиши бўйича мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ишларни давом эттириш ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги келгуси ҳамкорликлар хусусида келишиб олди.