Ўзбекистон Mobiuz'ни сотишдан $300 миллион даромад олишга умид қилмоқда — Bloomberg
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон мобил алоқа оператори Mobiuz'ни хусусийлаштириш орқали тахминан 300 миллион доллар маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги масалага яқин манбаларга таяниб хабар берди.
Гап Universal Mobile Systems (Mobiuz) компанияси ҳақида бормоқда — 2024 йил якунлари бўйича бозорда 20,9 фоиз улушга эга бўлган мамлакатнинг тўртинчи йирик мобил оператори. Манбаларнинг айтишича, ушбу битим бозор нархидан юқори баҳода амалга оширилиши мумкин, чунки давлат операторни бошқа бозор иштирокчилари билан бирлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Қатар, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва Европадан бўлган бир қатор инвесторлар Mobiuz'га қизиқиш билдирган. Давлат активларини бошқариш агентлиги тендер жараёнига изоҳ беришдан бош тортган.
Бу хусусийлаштириш жараёни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг бир қисми ҳисобланади. 2025 йилнинг ўзида 10 трлн сўм (786 миллион доллар) маблағ жалб қилиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг охиригача телекоммуникация ва энергетика соҳаларидаги 29 та йирик давлат компаниясидаги улушлар хусусий секторга ўтказилиши керак.
Mobiuz'даги 100 фоиз улушни сотиш бўйича тендер июнь ойида эълон қилинди. Қизиқиш билдириш хати топширишнинг охирги муддати — 1 август. Битим бўйича маслаҳатчи сифатида халқаро инвестиция банки Rothschild & Co жалб этилган.
Fitch Solutions (BMI) маълумотларига кўра, 2024 йилнинг охирида Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони 35,6 миллион кишини ташкил этган. Mobiuz'нинг асосий рақобатчилари — Uztelecom, Coscom (Ucell) ва Unitel (Beeline), охиргиси Дубайда рўйхатдан ўтган Veon Ltd. компаниясига тегишли.
2024 йилда Mobiuz'нинг тушуми $164 миллион, EBITDA кўрсаткичи эса $41 миллионни ташкил этган. Veon тендерда иштирок этиш борасида изоҳ беришдан бош тортган бўлса-да, Ўзбекистонни "узоқ муддатли ўсиш учун муҳим бозор" деб атаган.
Eslatib o‘tamiz, Mobiuz 2014 йилда МТС ва Радиоалоқа, радиотелевидение маркази (ЦРРТ) ҳамкорлигида ташкил этилган. 2016 йилда МТС лойиҳадан чиқиб кетган, 2018 йилдан эса операторнинг ягона эгаси — давлатга қарашли «Рақамли ишонч» фонди бўлган. 2019 йил декабрида UMS бренди Mobiuz деб ўзгартирилган. Компанияни хусусийлаштириш масаласи 2020 йилдан бери муҳокама қилиб келинган, аммо айнан 2025 йил 21 апрелдаги Президент фармони унинг аниқ сотилиш муддатини белгилаб берди.