Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 17/10/2016 Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 15-октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдаги съезди бўлиб ўтди.

Съездда 2016-йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни тасдиқлаш масаласи муҳокама этилди.

Амалдаги сайлов қонунчилигига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир. Қонунчилик ва партиянинг уставига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи – съезди томонидан амалга оширилади.

Делегатлар партиянинг VII пленумида тавсия этилган «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Сарвар Садуллаевич Отамуратовни партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида тасдиқлади, деб хабар беради ЎзА.

Съездда номзод делегатларни сайловолди дастури билан таништирди. Делегатлар мазкур дастур юзасидан фикр-мулоҳаза билдирди.

Съездда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилган демократик ислоҳотлар натижасида сиёсий партиялар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Улардан тўла фойдаланган ҳолда партия электорати ҳамда дастурий мақсад ва ғоялардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш муҳим вазифадир.

Съездда номзод ва ишончли вакилларнинг амалдаги сайлов қонунчилигида белгиланган нормалар асосида сайловчилар билан учрашувларини юкори савияда ташкил этиш, сайловолди ташвиқоти жараёнида номзоднинг сайловолди дастурини кенг ташвиқот қилиш, бу борада оммавий ахборот воситаларида ажратилган жой ва эфир вақтларидан самарали фойдаланиш, барча даражадаги партия ташкилотларининг фаол иштирокини йўлга қўйиш, ташвиқот материалларини тайёрлаш ҳамда партиянинг сайлов участкаларидаги муносиб кузатувчиларини танлаш каби бир катор муҳим масалалар муҳокама этилди ва тегишли вазифалар белгиланди.

Съезд кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳам ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари олдига тегишли вазифалар кўйилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга асосан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.

Съезд якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг