Ўзбекистон миллий сунъий интеллект моделини яратишни бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда миллий сунъий интеллект (СИ) моделини яратиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали учрашувда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги кунда мамлакатда СИ технологиялари қўлланилаётган юзга яқин лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар банк-молия тизими, соғлиқни сақлаш, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳаларни қамраб олган.
Президент, айниқса, миллий сунъий интеллект моделини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, бу модель шунчаки техник ечим эмас, балки ўзбек маданияти, қадриятлари ва тарихий меросининг рақамли акс эттирувчиси бўлади. Бу модель анъаналар ва замонавий интилишларни уйғунлаштириб, янги креатив ғоялар ва ечимлар учун илҳом манбаига айланиши лозим.
Юқори технологиялар соҳаси учун кадрлар тайёрлаш мақсадида, Бирлашган Араб Амирликлари кўмагида One Million AI Leaders ("Бир миллион сунъий интеллект етакчиси") лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида 2025 йил охирига қадар юртимиздаги 100 минг нафар ёшлар AI Study таълим платформаси орқали СИ асослари ва воситаларини ўрганиши режалаштирилган.
Шу тариқа, Ўзбекистон глобал рақамли маконга интеграциялашув йўлида дадил қадамлар ташламоқда — миллий СИ-ташаббусларни ривожлантириш, шу соҳада юқори малакали мутахассислар авлодини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилаяпти.