Ўзбекистон Марказий банки бўш иш ўринлари ва меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ўсишини қайд этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки 2025 йилнинг иккинчи чорагида меҳнат бозори ҳолати бўйича ҳисобот эълон қилди.
Регулятор маълумотларига кўра, мазкур даврда эълон қилинган бўш иш ўринлари сони сезиларли даражада ошган. «Биринчи чорак билан солиштирганда иш таклифлари сони 28,7 фоизга кўпайди, иш ўринларининг катта қисми савдо (19,4%), умумий овқатланиш (17,5%) ва саноат (16,8%) соҳаларига тўғри келди», — дейилади ҳисоботда.
Шу билан бирга, фаол резюмелар сони ҳам ўсишда давом этган, айниқса савдо, хизмат кўрсатиш, маркетинг ва реклама соҳаларида. Бироқ Марказий банк таъкидлаганидек, иш излашнинг онлайн фаоллиги олдинги йилларга нисбатан пасайган. Регулятор экспертларининг фикрича, бу иш берувчиларнинг ходимларга қўйган малака талаблари билан номзодлар кўникмалари ўртасидаги номутаносибликдан далолат бериши мумкин.
Ҳисоботда қайд этилишича, уч ой ичида иш ўринларини кўпайтиришни режалаштираётган тадбиркорлар улуши 30,2 фоизгача қисқарган (биринчи чоракда 36,3 фоиз эди). Шу билан бирга, мавжуд штатни сақлаб қолиш ниятидаги компаниялар сони ортиб, 56,4 фоиздан 61,2 фоизга етган. «Бу бизнес ишчи кучи бўйича талабни сақлаб қолаётганини, бироқ яқин келажакда ўсиш суръатлари мўътадилроқ бўлишини кутётганини кўрсатади», — дейди Марказий банк.
Шунингдек, мамлакатда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар сони кўпаймоқда. 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, хусусий тадбиркорлар сони 296 минг кишига етган, бу ўтган йилга нисбатан 3,6 фоизга кўпдир. Ўзини ўзи банд қилганлар сони эса 1,5 баробарга ошиб, 5,5 миллион кишини ташкил этди.
Марказий банк ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг иккинчи чорагида номинал иш ҳақи ўтган йилга нисбатан 17,2 фоизга ўсган, реал ўсиш эса 7,3 фоизни ташкил этган. Мамлакат бўйича ўртача ойлик маош қарийб 6 миллион сўмга етган, энг юқори даромад молия сектори ҳамда ахборот-коммуникация хизматлари соҳасида сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига нисбатан пастлигича қолмоқда. Масалан, 2025 йилнинг январь–март ойларида минтақада реал иш ҳақи ўсиши ўртача 9–9,8 фоизни ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 7,2 фоиз бўлган. Ҳисоботда таъкидланишича, бу аҳолининг харид қобилиятини чеклаб, иқтисодиётда умумий талабга таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, Марказий банк меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми ошганини қайд этмоқда. 2025 йилнинг иккинчи чорагида мамлакатга тушумлар 4,8 миллиард долларни ташкил этди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 21,4 фоизга кўпдир.
Асосий динамика мигрантлар меҳнат қилаётган мамлакатларда валюталар курсининг мустаҳкамланиши ва иш ҳақи ўсиши билан боғлиқ бўлди.
Шу тариқа, Марказий банк баҳосига кўра, Ўзбекистон меҳнат бозорида бўш иш ўринлари ва иш ҳақи ўсиши давом этмоқда, бу эса тузилмавий ўзгаришлар ҳамда ўзини ўзи банд қилганлар сони ортиши билан уйғун ҳолда кечмоқда.
Бироқ, малака билан таъминланган ишчи кучига талаб ва номзодлар фаоллиги ўртасидаги дисбаланс сақланиб қолмоқда, бу эса иқтисодиёт ҳамда инфляция даражасига муайян босим ўтказмоқда.