Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 28/10/2024 Ўзбекистон маҳсулотлари учун потенциал экспорт бозорлари аниқланди

Ўзбекистон маҳсулотлари учун потенциал экспорт бозорлари аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан Ўзбекистон маҳсулотлари учун потенциал экспорт бозорлари аниқланди.

Тадқиқот натижаларига кўра қуйидагилар маълум бўлди:

Мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатлар. 2024-йилнинг III-чорагида Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада, АҚШ, Таиланд, Австралия каби мамлакатларда мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатларга бўлган талаб юқори бўлди. 

Ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятлари яхши имкониятларга эга бўлиб, қайд этилган мамлакатларга экспортни доимий равишда йўлга қўйиш мазкур ҳудудларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади. 

Ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола ва тери маҳсулотлари. Мазкур товарларга бўлган талаб АҚШ, Франция ва Индонезия давлатларида юқори эканлиги аниқланди. 

Ушбу товарларни экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган Наманган, Қашқадарё, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси тадбиркорларида мазкур бозорларга чиқиш имкониятлари мавжуд.

Ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, ун ва крахмал. Ўзбекистон ушбу маҳсулотларини экспорт қилишда ҳам нисбий устунликка эга бўлиб, мазкур маҳсулотларга асосан АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Ҳиндистон, Канада, Корея Республикаси давлатларида талаб юқори. 

Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни нисбатан пастроқ харажатлар эвазига экспорт қилиши мумкин. 

Қимматбаҳо тошлар ва металлар, рух ва мис маҳсулотлари. Канада, Франция, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, БАА ва Хитой каби мамлакатлардаги кўпгина буюртмачиларга қимматбаҳо тошлар ва металлар, рух ва мис маҳсулотлари зарур эканлиги аниқланди. 

Ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга тавсия этилади.

Шунингдек, буюртмачиларнинг 75,5 фоизи учун маҳсулотнинг қайси мамлакатдан етказиб берилиши аҳамиятга эга эмаслиги маълум бўлди. Мазкур гуруҳдаги буюртмачиларнинг 78,4 фоизи маҳсулотни Incoterms қоидаларининг CIF шартлари (маҳсулотни ишлаб чиқариш, суғурталаш ва етказиб бериш харажатлари сотувчининг зиммасига юклатилади) асосида етказиб берилишини маъқул кўриши аниқланди. Маҳсулотни етказиб бериш бўйича маълум бир давлат талабини қўймаган буюртмачиларнинг 60 фоизи тўлов шакли сифатида аккредитивни (LC

- Letter of Credit), 28,4 фоизи эса телеграфик пул ўтказмаси (TT

- Telegraphic Transfer) ҳамда банк орқали тўғридан-тўғри ўтказмани афзал кўриши маълум бўлди.

Изоҳ: Аккредитив халқаро савдода риск даражаси кичик бўлган энг ишончли тўлов шакли ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консультатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши, аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилади.

Тадқиқотда республика ва унинг ҳудудлари учун нисбий устунлик индекси (RCA - Revealed Comparative Advantage) ҳисоблаб чиқилгач, Ўзбекистон экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган маҳсулотлар ҳамда уларни экспорт қилиши мумкин бўлган вилоятлар аниқланди. Таҳлилларда www.go4worldbusiness.com веб-саҳифасидан 2024-йилнинг июль-сентябрь ойлари учун веб-скрепинг (web-scraping) орқали тортиб олинган 15320 та буюртмачининг маълумотлари ҳамда Статистика агентлиги маълумотларидан фойдаланилди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг