Ўзбекистон маҳаллий йўлларни модернизация қилиш учун 173,4 миллион долларлик битимни ОИИБ билан имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида маҳаллий йўлларни реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун 173,4 млн АҚШ доллари миқдорида молиялаштиришни маъқуллади. Маблағлар Ўзбекистон ҳукумати стратегиясини қўллаб-қувватлашга, яъни транспорт алоқадорлигини яхшилашга, хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ва мамлакатнинг ғарбий ҳудудларида иқлим барқарорлигини оширишга йўналтирилади.
Босқичма-босқич молиялаштириш доирасида ОИИБ ва Ўзбекистон ҳукумати биринчи босқич учун 71,1 млн долларлик қарз шартномасини имзолади. Ушбу босқич Хоразм вилоятидаги маҳаллий йўлларни реконструкция қилишга йўналтирилади. Иккинчи босқич эса Қорақалпоғистон Республикасида шунга ўхшаш ишларни ўз ичига олади.
Лойиҳа доирасида 516,1 км маҳаллий йўллар таъмирланади ва реконструкция қилинади: Хоразм вилоятининг 9 та туманида 16 та участка (188 км), Қорақалпоғистоннинг 14 та туманида эса 23 та участка (328,1 км). Мазкур ишлар аҳоли учун бозорларга, тиббиёт ва таълим муассасаларига ҳамда бошқа ижтимоий хизматларга етиб бориш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди.
«Бу ОИИБ иштирокчи давлатларда инклюзив ва барқарор инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлашининг яққол кўринишидир», — деди ОИИБ инвестициялар блоки раҳбари Константин Лимитовский. — «Ўзбекистон ҳукумати билан босқичма-босқич ва келажакни кўзлаган инвестиция дастурини ишлаб чиқишимиз ҳудудий боғлиқликни мустаҳкамлаш, иқлим барқарорлигини ошириш ҳамда миллионлаб одамлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда»
Лойиҳа амалга оширилиши ғарбий ҳудудларда яшовчи 3,8 млн дан ортиқ аҳолига бевосита фойда келтиради, йўл ҳаракати хавфсизлигини оширади, ижтимоий хизматлар ва бозорларга етиб бориш имкониятлари кенгайтирилади, аҳоли мобиллигини кучайтиради. Иқлимга мос ечимлар, рақамли мониторинг воситалари ва аёллар ҳамда ёшларнинг фаол иштирокига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли лойиҳа ҳудудларнинг миллий барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилади.
Ўзбекистон ОИИБнинг асосчи аъзоси ва Марказий Осиёдаги энг фаол ҳамкорларидан бири бўлиб, транспорт, энергетика, сув таъминоти ва шаҳар инфратузилмаси соҳаларидаги лойиҳалар портфели тобора кенгайиб бормоқда.