Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 22/02/2019 Ўзбекистон-Исроил сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди
Ўзбекистон-Исроил сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 18-20-феврал кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон-Исроил сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раундида иштироки доирасида Исроил Ташқи ишлар вазири бош директори Ювал Ротем, Кнессет депутатлари Роберт Илатов (“Исраэл Бейтейну” – “Исроил бизнинг уйимиз” партияси), Константин Развозов (“Еш Атид” – “Келажак” партияси), Исроил туристик агентликлари ва консултантлари ассоциацияси (ИТТАА) бош директори Ҳанни Собол, Экспорт ва халқаро ҳамкорлик институти раиси Адив Барух, “Ашра” Исроил ташқи савдо таҳдидларини суғурталаш корпорацияси бошқарув директори Девид Клейн, ўз соҳаларида рақобатбардош илғор технологияларга эга етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Музокараларда муайян тармоқлардаги ҳамкорликнинг ҳамда режаларни амалиётга жорий қилишнинг истиқболлари муҳокама қилинди. Исроил Савдо палаталари федерациясида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва инвестицион имкониятлари тўғрисида “давра столи” ўтказилди.

Тадбирда Исроил сиёсатни шакллантирувчи ва ишбилармон доираларининг, жумладан « Teva Pharmaceuticals», «Metzer», «Capri», «Watergen», «MER Group», «Synel MLL», «M.A.D», «AgriGo», «R Group» ва бошқа компанияларнинг атоқли вакиллари иштирок этди.

“Давра столи” чоғида қатор компаниялар томонидан қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, заргарлик саноати, қуёш энергетикаси, косметика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида “Яд Вашем” Ҳолокост тарихи мемориал мажмуасига ва Бухоро яҳудийлари конгрессига ҳам борди.

Исроилга ташриф якунида таниқли ватандошлар ва матбуот вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг