Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 09/05/2023 Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражаси қандай?
Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражаси қандай?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражасини ўрганди.

Иқтисодий барқарорликка эришиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфляцияни пасайтириш зарурати ҳукуматлар ва Марказий банклардан замонавий пул-кредит сиёсати воситасида пул массаси, кредит шартлари ва фискал сиёсатни синчковлик билан тартибга солишни талаб қилади.

Бироқ, Марказий Осиё мамлакатларида пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришга мойиллик айрим ҳолларда бизнес, айниқса, кичик бизнесда ликвидлилик инқирози хавфи туфайли инвестицион фаоллик ва иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Пулнинг миқдор назарияси - пул массаси, пулнинг айланиш тезлиги, нарх ва ишлаб чиқариш ҳажми ўртасидаги ўзаро боғлиқликни (MV=PY) ифодайлайди. Классик мактаб вакиллари пул массасининг ҳар қандай ўсиши (М) инфляциянинг (P) ўсишига олиб келади, деб таъкидлайди. Кейнс мактаби, ўз навбатида, нархларнинг ўзгариши биринчи навбатда иқтисодиётнинг муомаладаги пул миқдорини ўзлаштириш қобилияти (V) билан белгиланиши ва пул массасининг ўсиши (М) нархларга (P) ҳар доим ҳам таъсир кўрсатавермаслигини таъкидлайди. Монетаристлар учун инфляция ҳар доим ва ҳамма жойда монетар ҳодисадир (М). Банк мактаби намояндаларининг таъкидлашича, одамлар ортиқча пулни (М) банкноталар кўринишида сақлашни хоҳламайди ва уни депозитга қўяди ва бу нархлар (P) ўзгаришига олиб келмаслиги мумкин.

Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг монетизация даражаси ЯИМнинг 25-28 фоизини ташкил этган бўлса, шу даврда иқтисодий кўлами ва аҳолиси бўйича Ўзбекистон билан қиёслаш мумкин бўлган кўплаб ривожланаётган мамлакатларда монетизация ўртача 75-100 фоизга етган. ЯИМнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаган ривожланаётган йирик ва ўртача катталикдаги мамлакатлар (йиллик ўртача 4-5 фоиздан юқори ўсган - Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Индонезия ва бошқа бир қатор давлатлар) кўриб чиқилганда,

уларнинг иқтисодиётида монетизация даражаси 150-180 фоизга етганлиги аниқланди. Бу эса Ўзбекистон реал сектори етарлича молиялаштирилмаганидан далолат бериши мумкин.

Монетизация даражаси, инфляция ва инвестициялар динамикаси кўрсаткичларининг эконометрик таҳлили натижалари миллий иқтисодиётнинг монетизация даражасини ошириш учун инфляцион рисклар нуқтайи назаридан мақбул чегараларни аниқлаш ва унинг инвестицион ҳамда иқтисодий фаолликка қандай таъсир қилишини аниқлаш имконини берди:

- монетизация даражасининг 1 фоиз пунктга ўсиши сўнгги йилларда асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг 0,2 фоиз пунктдга ўсишига олиб келади (барчаси ЯИМга нисбатан фоиз ҳисобида);

- инфляция таъсири ЯИМга нисбатан 43 фоизли пул массаси чегарасигача сезиларли эмас, шундан кейин у 0,3 фоиз пунктига ошади;

- агар иқтисодиётни бошқариш самарадорлиги бўйича Вьетнам ва Индонезия даражасига эришилса, монетизациянинг инвестициялар ўсишидаги ҳиссаси 0,2 фоиз пунктдан 7,3 фоиз пунктга етади, инфляция эса 0,5 фоиз пунктга камаяди.

Асосий хулоса: Бошқарув самарадорлигининг ўртача даражаси шароитида иқтисодиётни монетизация қилишнинг ортишига хўжалик юритувчи субъектларни инвестициявий кредитлашни кенгайтириш орқали эришиш инфляцион жараёнларнинг тезлашишига олиб келмайди. Чунки бунда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Бу эса товар ва хизматларнинг умумий таклифини оширади, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатни кучайтиради. Шунинг учун нархлар ўсишини чеклайди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг